English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шифокорларнинг ҳуқуқий мақомини ошириш вақти келди
15:44 / 2023-01-12

Куни кеча ижтимоий тармоқларда «Сурхондарё вилояти Бойсун туманида шифокор аёвсиз калтакланди» сарлавҳаси остида видеолавҳа тарқалди.

Мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон «Адолат» СДП Бойсун туман Кенгаши вакиллари ва депутатлари Бойсун туман бирлашмасига ташриф буюришди.

Аниқланишича, шифокор Ф.Ж. ва қўл остида ишлайдиган ходимаси Ф.Х. ўртасидаги низога, Ф.Х.нинг яқин қариндошлари аралашиши натижасида ўзаро жанжал келиб чиққан. Ушбу ҳолат оқибатида шифокор Ф.Ж.нинг тан жароҳат олганлигини кўришимиз мумкин.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганлиги маълум бўлди.

Ҳолатни кузатар экансиз, афсуски, кейинги пайтларда халқимизнинг асрий қадриятларига ва анъаналарига зид бўлган бундай номақбул ҳолатлар кўпайиб бораётганлигини кўриш мумкин. Айниқса, шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида бу каби ҳолатлар кунда-кунора учраб турибди.

Ўтган йили тиббиёт ходимлари билан бўлган мулоқотда давлат раҳбари уларнинг фаолиятига аралашув, дуч келадиган зўравонлик ва шу каби хунук ҳодисаларга тўхталиб ўтган эди.

«Шифокорга қўл кўтариш, уни сўкиб, ҳақорат қилиш бизнинг инсоф-диёнатли, оқ кўнгил, меҳр-оқибатли халқимизга муносибми? Бу бизга мутлақо ярашмайдиган ҳолатдир», деган эди Президентимиз..

Энди, тиббиёт ходимлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашган, уларнинг ишига тўсқинлик,  тажовуз қилган кимсаларга нисбатан қонунчиликда алоҳида маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланиши айтиб ўтилган эди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидаги фикрга борасиз: майли, номақбул ишлар учун безориларга жиноий ёки маъмурий жавобгарлик берилар, аммо, ўз зиммасига инсон саломатлигини асрашдек оғир вазифани олган оқ халатли фидойиларнинг қадри-қиммати, топталган иззатини нима билан тўлдириш мумкин!?

Лекин нима бўлганда ҳам Гиппократ қасамига содиқлик билан иш олиб бораётган соҳа ходимларига нисбатан ҳар доим меҳрли ва ҳурмат билан муносабатда бўлишимиз зарур.

Бугун бу каби шифокор ва фуқаролар ўртасидаги ҳақ-ҳуқуқлар бузилиши оқибатида юзага келаётган низолар ҳар икки томон ўртасидаги муносабатларни қонун билан мустаҳкамлаш зарур эканлигини кўрсатиб бермоқда.

Маълумки, «Адолат» СДП ўзининг сайловолди дастурида аҳолига кафолатли ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш соҳасига ҳам алоҳида аҳамият берилган бўлиб, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий этиш, дори воситаларининг ноқонуний айланишига тўлиқ чек қўйиб, қалбакилаштирилган, сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш билан бир қаторда тиббиёт ходими мақомини мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш ва турли тазйиқларнинг олдини олишга хизмат қиладиган ҳуқуқий базани яратиш,  бу орқали икки томон ҳуқуқи ва мажбуриятларини тартибга солиш ташаббусини илгари суриб, бу масалани бир неча йиллардан буён кўтариб чиқмоқда.

Партия ўз электоратининг асосий қисмини ташкил этувчи соғлиқни сақлаш ходимларининг халқ ва қонун олдидаги мавжуд бурч,  мажбуриятларини алоҳида эътироф этган холда, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳам ҳар томонлама тўлақонли ҳимоя этилиши керак, деб ҳисоблайди. Зотан, қонун – устувор, жазо – муқаррар бўлган жамиятдагина ривожланиш, тинчлик-осудалик ва барқарорлик бўлади. Мухтасар қилиб айтганда, партиямиз томонидан мавжуд муаммога ечим сифатида илгари сурилаётган ғоялар соҳа ходимларининг сифатли фаолият олиб боришини таъминлаш билан бир қаторда, инсон манфаатларини, унинг қадр-қимматини юксалтиришга хизмат қилади.

«Адолат» СДП масъул ташкилотлардан жамиятда инсон манфаатларини ҳимоя қилишни, ижтимоий адолат, қонун устуворлигини таъминлашни, "самосуд" қилувчи безориларга суд орқали қонуний чора кўришни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш лозим деб ҳисоблайди.

Шифокорларга нисбатан қилинаётган тазйиқ ва зўравонликка қаршимиз, дея муносабат билдиради «Адолат» СДП Матбуот хизмати.

 

ЎзА