Шифокорлар – кун қаҳрамонлари
Дунё бўйлаб тарқалган коронавирус пандемияси тиббиёт соҳаси ва шифокорларнинг инсоният ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти нақадар муҳим эканлигини ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён этди.
Эл бошига иш тушганда
Дунё бўйлаб тарқалган коронавирус пандемияси тиббиёт соҳаси ва шифокорларнинг инсоният ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти нақадар муҳим эканлигини ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён этди.
Бугун улар ўз ҳаётини хатарга қўйиб бўлса-да, ҳар куни, ҳар соатда минглаб, миллионлаб одамлар соғлиғини тиклаш, ҳаётини асраб қолиш учун курашмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, бу хасталикка чалинганлар сони дунё мамлакатлари бўйича олиб қаралганда энг кўп АҚШ, Испания, Италия, Франция, Германия, Буюк Британияда қайд этилган. Турли мамлакатларда хасталикка оид рақамлар турлича бўлишига қарамай, вирус дунё аҳолиси олдидаги жиддий хавф саналади.
Маълумки, юртимизда ҳам ушбу касалликка қарши кураш учун барча куч ва маблағлар эпидемия кенг тарқалишининг олдини олиш, вирус билан касалланганларни соғайтиришга қаратилган. Ҳозирги вазият ҳар бир кишининг зиммасига катта масъулият юклаган. Айни пайтда энг оғир вазифа шифокорлар зиммасида эканлигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Айнан уларнинг фидойилиги, таъбир жоиз бўлса, қаҳрамонлиги туфайли республикамизда санитария-эпидемиологик ҳолат барқарорлашиб бормоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тождор вирус билан боғлиқ муаммолар ечимига аниқ йўналтирилган фармон ва қарорлари, шунингдек, видеоселектор йиғилишларида бу хавотирни тезроқ бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Табиийки, энг масъул вазифа шифокорлар зиммасида эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича қатор видеоселектор йиғилишлари, халқимизга йўллаган мурожаатларида ҳам шифокорларнинг меҳнати, фидойилигига алоҳида эътибор қаратди. Уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, қўллаб-қувватлашга доир қарор қабул қилинди. Тиббиёт ва санитария-эпидемиология ходимларига қаратилган бундай юксак ишонч, ҳурмат бежиз эмас, албатта.
Тиббиёт ходимлари мураккаб шароитда огоҳлик ва қаҳрамонлик билан ўз вазифаларини бажариб келаётир. Жумладан, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида икки ҳафта мобайнида коронавирусга чалинган беморлар даволанди. Ўта оғир, машаққатли муолажа билан шуғулланган 67 нафар тиббиёт ходими реабилитацияга кузатилди ва улар ўрнига навбатдаги шифокорлар иш бошлади.
Бу рақам ва фактларни қайд этишнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун аввало, шифокорларнинг меҳнати, масъулияти қанчалар қалтис эканини ҳис қилиш муҳимдир. Ахир улар ҳар куни, ҳар дақиқада беморларни кузатиб бориш, узлуксиз тиббий таҳлиллар ўтказиш, керакли муолажаларни ўтказиш ва айни пайтда ўзларини бу касалликдан асрамоғи керак бўлаётир. Бундай жасур, тажрибали тиббиёт ходимлари меҳнатини янада кўпроқ қадрламоқ керак.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда ҳаёт барқарор суръатда давом этмоқда. Энг асосийси, минг-минглаб юртдошларимиз, айниқса шифокорларнинг фидойи хизмати, ўз бурчига садоқати туфайли кўраётган тезкор чораларимиз ўзининг ижобий натижасини бермоқда", деган сўзлари бутун халқимиз учун катта далда ва шифокорлар меҳнатига билдирилган катта ишонч бўлди.
Бутун дунё, жумладан, мамлакатимизда шифокорларнинг ҳар қандай шароитда ҳам ўз касбига садоқати, халқимиз саломатлигини асраш йўлидаги фидойилиги барчамиз учун жасорат намунаси дейиш мумкин. Албатта, бундай қийин шароитда юртдошларимизга беғараз ёрдамга шайланган ва буни амалда кўрсатаётган фидойи инсонларни кўриб руҳимиз кўтарилади.
Синовли кунларда волонтёрлар ҳам жонбозлик кўрсатишмоқда. Жумладан, улар муҳтож оилалар, қаровчисини йўқотган, ёлғиз пенсионерларга маҳаллий ҳокимликлар орқали озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш, жойларда кундалик маҳсулотлар сотувини ташкил қилиш каби турли йўналишда кўмаклашмоқда. Хусусан, Тошкент тиббиёт академиясининг талабалари ҳам сидқидилдан беғараз ёрдам орқали фидойилик кўрсатмоқда.
Халқимизда “Эл бошига иш тушганда бефарқ қараб бўлмайди”, деган ибора бор. Буни хусусий клиника шифокорлари ҳам ўз фаолиятида намоён этмоқда. Улар ҳам коронавирус пандемиясига чалинганларни соғайтириш учун ҳамкасбларига яқиндан ёрдам бермоқда.
Ҳа, ҳозир бутун дунё аҳолиси ушбу касалликка қарши кураш олдида ўзига хос синовни бошдан ўтказмоқда. Ана шундай курашда шифокорларимизнинг фидойилиги, жасорати руҳимизга катта таянч бўлмоқда. Зеро, инсоният бу синовни мустаҳкам ирода, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик билан енгиб ўтади.
Светлана ИНАМОВА,
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия
фонди бошқаруви раиси.