Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шифокорлар билим ва малакасини оширди
14:37 / 2025-10-15

Андижон вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида болаларнинг саратон касаллигига чалинишининг олдини олиш, касалликни самарали даволаш, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, мутахассис шифокорларнинг билим ва малакасини ошириш масалаларига бағишланган ўқув семинари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 майдаги “2025-2030 йилларда болалар саратонига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегиясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи асосида ташкил этилган ўқув семинарда вилоятдаги тиббиёт муассасаларининг онколог ва  педиатр шифокорлари, врач ординаторлар, Андижон давлат тиббиёт институтининг ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.

Семинар машғулотлари Республика Болалар онкология, гематология ва  иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази врачлар малакасини ошириш, клиник ординатура ва докторантура бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Ҳилола Рустамова томонидан ўтказилди. 

– Минг афсуски, кейинги йилларда мамлакатимизда болалар ўртасида саратон хасталиклари ортиб бормоқда, – дейди тиббиёт фанлари номзоди Ҳилола Рустамова. – Ушбу касаллик келиб чиқишининг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва самарали даволаш масалалари ҳукумат сиёсати даражасига кўтарилганлиги келажагимиз эгалари бўлган болалар саломатлигини сақлашга қаратилаётган эътиборнинг намунасидир. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган қарори юртимизда болалар саратони касаллигига қарши курашиш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтармоқда. 

Семинарда мутахассис томонидан иштирокчиларга болалар саратонини келтириб чиқарувчи нейробластома, ретинобластома, нефробластома, лейкоз ва бошқа қатор касалликларни аниқлаш, ташхис қўйиш, даволаш жараёнлари ҳақида маърузалар ўқилди. Ушбу хасталикларни аниқлаш, даволаш бўйича илғор иш услублари, халқаро тажрибалар хусусида маълумотлар берилди.   

Шунингдек, семинар давомида иштирокчиларнинг мавзу доирасидаги билим ва малакаларини синовдан ўтказувчи амалий машғулотлар ўтказилди. Уларнинг касалликни аниқлаш ва самарали даволаш бўйича таклиф, фикр, мулоҳаза ва хулосалари тингланди. Амалий жараёнлар таҳлил қилинди. 

Семинар давомида иштирокчиларнинг мавзу доирасидаги барча саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

– Семинар иштирокчилари болалар саратони касаллиги, уни самарали даволаш бўйича янги маълумотлар олди, ўзаро тажриба алмашди, – дейди Андижон вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази болалар гематологияси ва онкологияси бўлими бошлиғи Манзурахон Эгамбердиева. – Вилоятда мазкур йўналишда фаолият олиб бораётган шифокорларнинг билим ва малакасини бойитишга хизмат қилган ушбу семинар жуда фойдали ўтди. Бу ерда ўрганганларимиз, шубҳасиз, фаолиятимизни самарали юритишда қўл келади. 

Ўтказилган машғулотлар бўйича тест синовидан муваффақиятли ўтган иштирокчиларга махсус сертификатлар тақдим этиладиган бўлди. 

Бу каби семинарлар республикамизнинг барча вилоятларида ўтказилиши белгиланган. 

Ф. Убайдуллаев, 

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.