French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
10 ёшли бола шифохонага ётқизилди, 4 миллиард сўмдан зиёд пиротехника воситалари ноқонуний савдосига чек қўйилди (видео)
17:02 / 2019-12-30

Бир неча кун олдин бўлимимизга 10 ёшли бола ётқизилди...


“Бир неча йил олдин янги йил арафасида бир талаба йигитни жуда оғир аҳволда олиб келишган эди. Бир гуруҳ йигитлар янги йил олдидан шўхлик қилиб, пиротехника воситасини портлатганда , у учиб оғзига кириб, томоғида портлаш содир бўлган. Тўғри, ҳаётини сақлаб қолдик. Лекин, жуда қийналди. Ҳозиргача етти марта пластик операция қилинса-да, асоратлари қолган. Шу кунларда ён-атрофда пиротехника воситалари яъни “пақилдоқ“лар овози кўпайиб қолганда шу йигит кўз олдимга келади. Фарзандларимизни ушбу воситалардан фойдаланишдан, уларни соғлиғи, ҳаётига хавф туғдиришидан асрайлик.”

Бу сўзлар — Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлим бошлиғи Собир Шукуровнинг мулоҳазалари эди.

– Бир неча кун олдин бўлимимизга 10 ёшли бола ётқизилди, – дейди С. Шукуров. – Портлаш натижасида юз ва қўллари учинчи даражали куйиш жароҳати олган. Афсуски, даво муолажалари ўтказганимизга қарамасдан жароҳат асоратлари қолиши мумкин. Чандиқлар қолиши мумкин. Шунинг учун ота-оналардан илтимос қиламиз, болаларни назоратга олишсин.

Юз-кўзи дока билан ўралган болажондан нима воқеа бўлгани ҳақида сўрадик. Аввалига гапиришдан бош тортган Комилжон, сўнгра рози бўлди. Сирдарё вилоятидан тез ёрдам машинасида келтирилган Комилжон миллий кураш билан шуғулланар экан. Тўгарак машғулотидан чиқиб, кийиниш хонасига борганда бир ҳовуч пиротехника воситаси топиб олишибди. Ким қолдиргани номаълум. Қизиқиб, ўртоқлари билан ёқиб турганда биттаси қўлида портлаб, юзига сачраган.

Бу каби воқеалар тез-тез бўлмаса-да, ҳар қалай кўнгилни хира қиладиган даражада кўпайиб бормоқда. Инсон соғлиғи учун хатарли бўлган бу воситалар юртимизга қайси йўллардан ва кимлар орқали кириб келмоқда? Ҳаво йўллари ёки темир йўлми? Балки, “тадбиркорлар” автомобиль йўлларидан кўпроқ фойдаланишаётгандир?

– Ҳаво йўллари орқали олиб кириш деярли 100 фоиз имконсиз, – дейди Давлат божхона қўмитасининг Ахборот хизмати ходими Ҳусан Тангриев. – Тошкент аэропортида ихтисослашган божхона комплекси ишлаб турибди. Тўғри, бу йил ҳисобидан битта ҳолат аниқланди. Бунда амалдаги тартиблардан бехабар фуқаро хориждан оиласи бағрига келаётганда, бир неча дона пиротехника воситаларини совғага олиб келаётганда тўхтатиб қолинди. Темирйўл божхона постлари мисолида кўрадиган бўлса, уларда поездни тўхтатмасдан назоратдан ўтказадиган йирик комплекс, ускуналар ўрнатилган. Кўз илғамайдиган шу турдаги товарлар мавжуд бўлса, жиҳозлар орқали аниқланади. Ёки бўлмаса транспорт воситалари кўп ўтадиган чегара постларида ҳам божхона мажмуалари ишлаб турибди.

Пиротехника воситалари автотранспортда бўлса, белги беради. Пиёдаларни қўлдаги юкларни назорат қилишда кинология хизматидан фойдаланамиз. Шундай экан, чегара постларидан божхона ходимларини кўзини шамғалат қилиб, бемалол олиб ўтаман, деган фикрдаги шахслар бу фикридан қайтгани маъқул.

Бундай аниқ ва лўнда жавобнинг исботи учун юртимизда бирорта ҳам “пақилдоқ” овози эшитилмаслиги керак эди. Лекин, буни аксига гувоҳ бўлмоқдамиз. Агарда чегараларимиз мустаҳкам бўлса, пиротехника воситалари бозорларимизга қаердан кириб келмоқда. Осмондан тушмаётгани ёки бизда ишлаб чиқарилмаётгани аниқ-ку!

– Афсуски, бу тўғри ва кўпчилик бераётган савол, – дейди Ҳ. Тангриев. – Таҳлиллар асосида кузатадиган бўлсак, кўпинча айланма йўллар орқали олиб кирилаётганига гувоҳ бўламиз. Вилоятлар кесимида қарайдиган бўлсак, жорий йилда Андижонда 15, Фарғонада 12 ҳолат қайд этилди. Бунга эса бу нарсалар Хитойда ишлаб чиқарилиши ва водий вилоятлари орқали тарқалишини келтириш мумкин.

Маълумотларга кўра, Хитой анъаналари, диний урф-одатларига кўра, инс-жинсларни кучли шовқин билан ўзидан узоқлаштириш тушунчаси мавжуд экан. Биз-чи? Азалдан боболаримиз бировларни тинчини, ҳаловатини бузмасликни насиҳат қилишади. Биз эса... Зеро, Ўзбекистонда пиротехниканинг ҳар қандай тури маиший ишлатиш учун тақиқланади.

– Куни кеча маҳалладан ўтиб кетаётсам, дарвозадан бир болакай югуриб чиқиб, оёғим остига “пақилдоқ“ отиб кетса денг, – дейди Озода хола. – Эсим чиқиб кетди. Ҳой, бола қарияларни қўрқитиш яхшимас, десам, кулади, шумтака бола. Кечқурун ўғлим келганда гап очсам, пиротехника воситалари соат кечки 5-6 арафасида “Қўйлиқ деҳқон бозори” ёнида бемалол сотилаётгани, болалар бу каби жойлардан бемалол харид қилаётгани ҳақида айтиб қолди.

Бу ҳам бор гап. Энг қизиғи, бу йил сотувчилар ўз маҳсулотларини сотишда харидорларни интернет ва телеграмм каналлари орқали топишга ҳаракат қилаётгани ҳам кузатилмоқда. Хусусан, телеграмм мессенжеридаги ёзишмалар орқали 12 минг дона “пақилдоқ“ларни 3 миллион сўмга сотмоқчи бўлган шахс ушланди. Бу ҳолатга чек қўйишда аноним хабар қўл келди.

Демак, божхона қаерга қарайди? Ички ишлар нима қилади? Вазифасини бажарсин-да, деб кимларнидир айбдор қилмасдан бу каби муаммоларга қарши курашишимиз керак. Жорий йилда фаол фуқаролар кўмагида 112 та божхона қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди ва қиймати 4 миллиард сўмдан зиёд бўлган 1 миллион 320 минг донадан ортиқ пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Қайд этиш керакки, бу борадаги салбий ҳолатларга чек қўйиш мақсадида жазо чоралари кучайтирилмоқда. Жумладан, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тўлдирилди. Унда пиротехника воситалари билан боғлиқ жавобгарлик назарда тутилган. Хусусан, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга олиб кириш ёки ўтказиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Агарда такрор содир этилса, жиноят кодексига кўра энг кам иш ҳақини 50 баробаридан 100 баробаригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.