English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шифокор хонадонида сумалак пиширилди
12:15 / 2024-03-29

Наврўз удумлари

Болалар шифокори Олтиной Эсоновани сирдарёликлар ҳурмат қилишади. Фарғонадан Сирдарёга келин бўлиб тушган Олтиной 45 йилдан буён тиббиёт соҳасида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида ҳам самарали фаолият олиб борган опа айни пайтда болажонлар саломатлигини мустаҳкамлашда фидойилик кўрсатмоқда. Унинг қадриятларимизга муносабати, одамларга меҳр-оқибати ҳам кўпчиликка ўрнакдир, десак муболаға қилмаймиз.  

Юртимизда мустақиллик эълон қилинган йили Олтиной Эсонова хонадонида яхши ният билан сумалак пишириб, яқинлари, қўни-қўшнилари, ҳамкасбларига тарқатган эди. Ҳамма оилаларда туғилган кунларда дастурхонга турли ширинликлар, жумладан, торт қўйилса ва ош сузилса, бу шифокорлар хонадонида миллий таомлардан ташқари, Наврўзнинг энг тансиқ таоми – сумалак пиширилади. Бу тотли егуликка қўл чўзишдан аввал ниятлар айтилиб, дуолар ўқилади.  

Ўтган йили Олтиной опа Умра зиёратига боришни ният қилган эди. Нияти ижобат бўлди. Ҳозир хонадонда вояга етиб, ҳаётда ўз йўлларини топган уч фарзанд, улғаяётган набиралар ҳам бу анъанани жуда қадрлайди. Бу йил ҳам хонадонда сумалак тайёрланди. Қозон бошида одатдагидай эзгу тилаклар айтилди. Оила бекасининг айтишича, сумалак тайёр бўлиб қозонни очганларида чиройли суратлар акс этган экан. Шифокор опамиз сумалак сузилган идишларни яқинлар, ҳамкасблар ва дўстларга бирма-бир улашди.

Энг муҳими, Наврўз қувончи, оила шодлиги барча билан бирга баҳам кўрилди. Ҳа, ниятда ҳикмат кўп. Баҳор байрамларимиз мана шундай тилаклар ва дуолар билан қадр топиб, бардавом бўлаверсин.  

 

Ш.Суяров,

ЎзА мухбири