Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шифокор ниҳоят ўз устама ҳақини олишга эришди
15:30 / 2025-08-20

Бемор оғриғини енгиллатиш, инсон ҳаётини асраб қолиш учун кунни тунга улаб хизмат қиладиган шифокор меҳнати жамиятда энг юксак қадрга лойиқ. Аммо Сирдарёдаги Республика тез тиббий ёрдам маркази филиалида навбатчи шифокор сифатида фаолият юритиб келаётган Ҳусниддин Исмаиловнинг хизматлари узоқ вақт етарлича баҳоланмади.

У кўп йиллик ҳалол меҳнати учун белгиланган устама ҳақини олиш мақсадида муассасанинг собиқ ва амалдаги раҳбарларига бир неча бор мурожаат қилди. Бироқ адолатли талаб узоқ вақт ўз ечимини топмади.

Охир-оқибат шифокор ўз ҳақ-ҳуқуқини тиклаш учун Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасига мурожаат этди. Мурожаат Сирдарё вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқи инспектори А.Албеков томонидан ўрганилиб, 2025 йил 30 июнь куни иш берувчига устама ҳақини тўлаш юзасидан расмий кўрсатма юборилди.

Шундан сўнг, Республика тез тиббий ёрдам маркази Сирдарё вилояти филиали Х. Исмаиловга 2023 йил учун 5 млн 897 минг 838 сўм, 2024 йил учун 7 млн 362 минг 395 сўм ва 2025 йил учун 1 млн 869 минг 340 сўм, жами 15 млн 129 минг 573 сўм устама ҳақини тўлаб берди. Шу тариқа шифокорнинг қонуний талаби қондирилди.

Бироқ бу ҳолат бир саволни ўртага қўяди: нима учун ходим ўз ҳақ-ҳуқуқини тиклаш учун турли идораларга сарсон бўлиши керак? Нега қонун ҳужжатларида белгиланган кафолатлар ўз вақтида ижро этилмайди?

Бу воқеа касаба уюшмаларининг аҳамияти ва ходим манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрни нақадар муҳимлигини яна бир бор кўрсатди.  

Ғулом Примов, ЎзА мухбири