English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шифобахш ва сердаромад лавр ўсимлиги илмий ўрганилмоқда (+видео)
16:02 / 2026-03-05

Лавр баргидан таом тайёрлашда кўпинча фойдаланиб келамизу, аммо унинг шифобахш хусусиятларидан кўпчилик бехабар бўлиши мумкин. Инсоният томонидан қадимдан фойдаланиб келинган ушбу зираворни маҳаллий ўсимликшунос олимларимиз томонидан чуқур ўрганилмоқда. Жумладан, Тошкент давлат аграр университетининг тажриба-синов майдонида бу борада илмий изланишлар олиб бораётган “Мевачилик ва узумчилик” кафедраси илмий ходими Муҳаммадазиз Фахриддиновнинг тадқиқотлари эътиборимизни тортди.

- Лавр ўсимлиги, аҳолини уни кўпинча “лавровий лист”деб ҳам атайди, ушбу зиравор қачондан буён бизни юртимизда парвариш қилиб келинади?  

- Буни 1980 йилда селекционер олим, халқ академиги, марҳум Зайниддин Фахруддинов томонидан олиб келиб, ўзларининг лабораторияларида кўпайтирганлар, - дейди профессор Муҳаммадазиз Фахриддинов. - Бу Хитой жануби ва иссиқ ўлкалардан олиб келинган. Буни жуда кўп фойдаси бор. Бизда ҳали унинг фойдали томонларини кўпчилик тушуниб етмаган. Лекин 80-йилларда илмий тадқиқ қилинганда, бўғин оғриқларини қолдиришда лавр баргидан 7тасини олиб, дамлама қилинса халос бўлинган.  

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/_4BfB2Tjim4" title="Shifobaxsh va serdaromad lavr o‘simligi ilmiy o‘rganilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Лавр япроғининг кимёвий таркибида турли витаминлар, селен, магний, калий, фосфор, марганец, кальций, мис, танин, тола, органик кислоталар мавжуд бўлиб, бу унинг инсон организми учун шифобахшлигини янада оширади. Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, ўсимлик табиий антисептик ҳисобланади, яъни ўсимлик антибактериал хусусиятга эга. Баргларидан тайёрланган дамлама инсон организмидаги яллиғланишларга қарши курашда ёрдам беради, витаминлар билан таъминлайди, токсин ва оғир метал тузларни қондан олиб ташлайди, иштаҳани яхшилайди, метаболик жараёнларни тезлаштиради ва иммунитетни мустаҳкамлайди. Лавр япроғи қўшилган таомларни мунтазам истеъмол қилиш қондаги яллиғланишнинг айрим белгиларини камайтиришга ёрдам беради. Замбуруғ ва микроорганизмларда патоген замбуруғларнинг ўсиши ва кўпайишини бостиришга хизмат қилади. Олимлар, шунингдек, лавр япроғининг эфир мойлари маълум микроорганизмларнинг кўпайишига тўсқинлик қилишини аниқлади. Дерматит ва ҳуснбузарга қарши курашда ёрдам беради. Унга асосланган дамламалар аллергик тошмалар ва экземани даволаш учун ишлатилади. Шу билан бирга ушбу ўсимликни томорқаси борлар ёки кенг далада жой ажратиб, боғлар орасида экиб ҳам юқори даромад олиш мумкин. Шунинг учун  олимларимиз сердаромад лавр ўсимлигини кўпайтириш, иқлимлаштириш, касалликларига қарши кураш борасида чуқур илмий изланишлар олиб бормоқда.    

Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Салим Обиджонов, ЎзА