Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шифобахш неъмат, бебаҳо хазина
05:53 / 2023-06-01

ФОТОРЕПОРТАЖ

Тадқиқотчилар маълумотига кўра, табиатнинг шифобахш неъмати бўлган асалнинг таркибида инсон организми учун  фойдали моддаларнинг қарийб 70 фоизи мавжуд экан. Халқимиз боларини етти хазинанинг бири сифатида эъзозлаб, оила табиби ҳисоблашининг боиси ҳам шунда. Қолаверса, одамлар  орасида “Бор бўлса асалари, дардлар кетади нари” деган нақл ҳам юради. Шу маънода, асаларичилик ривожи нафақат иқтисодий жиҳатдан, балки аҳоли саломатлигини сақлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Фарғона вилоятида ҳам мазкур тармоқни ривожлантириш учун барча имкониятлар мавжуд. Асалари озиқланадиган деярли барча ўсимликлар вилоят ҳудудида мавжудлиги, шу билан бирга, сифатли асал етиштириш учун пахта майдонлари ва бедазорларнинг етарли эканлиги боис шаҳар ва туманларда фойдали ҳамда мўмай даромад манбаи бўлган мазкур соҳа билан 2 минг нафардан зиёд ҳамюртимиз шуғулланмоқда.

[gallery-12143]

– Вилоятда асаларичилик соҳасини ривожлантириш учун ўзимизнинг камтарона ҳиссамизни қўшаётганимиздан миннатдормиз, - дейди Фарғона вилояти асаларичилик уюшмаси раиси Шерзод Суярқулов. – 200 дан ортиқ асаларичилик субъектлари бизга аъзо бўлган. Уларга бизнинг иқлимимизга тез мослашадиган, бошқа наслларга қараганда кўп ҳосил йиғадиган асалари оналарини етиштириб берамиз. Бу борада бир нечта хорижий мамлакатлардаги ҳамкасбларимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатганимиз қўл келмоқда. Ҳар йили Фарғона шаҳрида “Асал байрами” ташкил қилиб, аҳолимиз дастурхонига 100 хилга яқин сифатли маҳсулот таклиф қиляпмиз. Шунингдек, асаларичилик билан энди шуғулланишни бошлаган ҳамюртларимизга керакли жиҳозлар етказиб бериш билан бирга, уларга асалари парвариши бўйича маслаҳатлар бериб боряпмиз.

Юртимизда асал етиштириш билан бирга, асалари уясини хорижий мамлакатларга экспорт қилиш ҳам йўлга қўйилган. Бу борада ҳам вилоят вакиллари яхши кўрсаткичга эришиб, мазкур соҳадан келаётган даромадни йилдан-йилга ошириб бормоқда.

– Асаларичилик мен учун ота касб, - дейди бувайдалик Мўминжон Мирзаолимов. – Бу соҳа билан шуғулланиб, кам бўлмаяпмиз. Ҳар йили 100-150 та асалари оиласини харидорларга етказиб берамиз. Натижада мавсумда оладиган  1-1,5 тонна асал бизга соф даромад бўлади. Барча ҳамюртларимизга ўлкамизнинг қулай иқлимидан  унумли фойдаланиб, хонадонида ҳеч бўлмаса 5-6 қути асалари оиласини парваришлашни тавсия қилардим. Чунки дастурхонидан асал узилмайдиган оилаларнинг аъзолари соғлом бўлиши  исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.

 

Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА