Маълумки, мамлакатимиз шу кунларда йирик халқаро анжуманга мезбонлик қилади. Яъни Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтади. Саммитга кўплаб маҳаллий ва хорижий экспертлар жалб этилган.
ЎзА мухбири ШҲТ саммитининг эксперти – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Бош илмий ходими Афзал Ортиқовнинг фикрлари билан ўртоқлашди.
Ўтган 21 йил давомида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўз фаолиятини сиёсат ва хавфсизликдан тортиб иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик масалаларигача кенгайтирди. Ташкилот минтақавий масалаларни ҳал қилишда сезиларли муваффақиятларга эришди.
ШҲТни ташкил этиш тўғрисидаги Декларацияга кўра, ташкилот бошқа давлатлар ва минтақаларга қарши қаратилган иттифоқ эмас. У очиқлик тамойилига амал қилади. ШҲТ бошқа давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳар қандай шаклда мулоқот, алоқа ва ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдиради.
Мана шу принцип ШҲТни халқаро муносабатларда нуфузли тузилмага айлантирди. Унга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ҳамда мулоқот бўйича ҳамкор давлатлар сони кўпайиб бормоқда.
ШҲТ минтақавий ва глобал хавфсизлик архитектурасида мустаҳкам ўрин эгаллаб, ўзини стратегик муҳим Евроосиё маконида барқарорликни сақлаш кафолати сифатида намоён этмоқда. Шу маънода, кўпчилик экспертларининг фикрича, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Евроосиё кун тартибига эга бўлган трансминтақавий ташкилотга айланмоқда.
ШҲТнинг жозибадорлиги унинг аъзолари ўртасидаги тенг ҳуқуқли ҳамкорлик ташкилоти эканлигида ҳамдир.
Ташкилотнинг муваффақиятида унинг самарадорлигини оширишда Ўзбекистоннинг ҳиссаси ҳам жуда катта. Мамлакатимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар ШҲТни мустаҳкамлади, янада кучайишига олиб келди.
Ўтган йили ШҲТнинг Душанбедаги саммити якунлангандан сўнг, ушбу ташкилотга раислик Ўзбекистонга ўтди. Бундан кейин давлатимиз раҳбари ШҲТ фаолиятининг бир йил давомидаги энг устувор йўналишларини белгилаб берган эди. Улар ШҲТ маконида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, транспорт алоқаларини ва коммуникация алоқалари кенгайтириш, камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш, маданий-гуманитар ва иқлим ўзгаришига қарши курашда мавжуд салоҳиятдан кенг фойдаланиш бўйича ўзаро ҳамкорлик каби соҳаларни ўз ичига олади.
Ўзбекистон Президенти томонидан белгилаб берилган ШҲТга раисликнинг асосий устувор йўналишлари барча томонлар манфаатларига жавоб беради ва энг муҳими, бутун ШҲТ маконида барқарорлик, ривожланишни таъминлаш, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган барча ташаббуслар ўзаро мантиқий боғлиқ бўлиб, бир-бирини тўлдиради.
Масалан, ички савдони ривожлантириш орқали тўсиқларни бартараф этиш, техник регламентларни яқинлаштириш ва божхона тартиб-таомилларини рақамлаштиришга эришиш мумкин.
Шу билан бирга, халқаро транспорт-логистика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Президентимиз ташаббуси билан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича ҳамкорлиги тўғрисида Концепцияси ишлаб чиқилди.
ШҲТнинг Самарқандда бўлиб ўтадиган саммити доирасида мазкур Концепциянинг қабул қилиниши ҳамкорликнинг институционал асосларини мустаҳкамлаши шубҳасиз. Асосийси, ушбу ташаббус ШҲТ маконида юк ташиш ҳажмининг ўсишини таъминлаш ва ШҲТнинг географик ўзаги бўлган Марказий Осиёни трансконтинентал Евроосиё коммуникациялари чорраҳасига айлантиришга қаратилган.
Самарқанд вилоятида ташкил этилаётган «Ўзбекистон – ШҲТ» саноат зонаси инновацион лойиҳадир.
Самарқанд саммитининг асосий мақсадларидан бири ШҲТ доирасини янада кенгайтиришдир. Давлат раҳбарлари кенгаши доирасида Эрон Ислом Республикасининг ШҲТ аъзоси мақомини олиш бўйича мажбуриятлари тўғрисида меморандум имзоланиши кутилмоқда.
Беларусь ШҲТга аъзо бўлиш жараёнини бошлайди, Озарбайжон, Арманистон, Непал ва Камбоджа кузатувчи мақомига эга бўлди, яна 9 давлат, жумладан, БАА, Кувайт, Саудия Арабистони, Миср, Қатарга ШҲТ мулоқоти бўйича ҳамкорлар мақоми берилиши кутилмоқда.
ШҲТ доирасида ҳамкорликни амалга ошираётган мамлакатларнинг кўпчилиги Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий шериклари қаторига кирувчи давлатлардир.
Умуман олганда, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги даврида ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича 80 дан ортиқ тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон бир йил ичида ШҲТнинг 37 та ҳужжатини ишлаб чиқиш жараёнини уйғунлаштириб, мувофиқлаштириб якунлашга эришди. Бу ушбу ташкилот тарихидаги ўзига хос юқори кўрсаткичдир. Қолаверса, ушбу ҳужжатларнинг 30 таси бўйича Ўзбекистон томонидан таклифлар киритилиб, аксарият ҳолларда шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган бўлиб, концептуал, стратегик муҳим ва амалий характерга эга.
Улар ШҲТда ўзаро ҳамкорлик соҳаларини мазмунан ва институционал кенгайтиришга қаратилган.
Демак, мамлакатимиз раислигида амалга оширилган ишлар ташкилот фаолиятини аниқ ва самарали, янги ва муҳим лойиҳалар билан бойитди. Ўзбекистон яна бир бор халқаро аҳамиятга эга бўлган сиёсий ва ташкилий жиҳатдан ўта масъулиятли вазифани шараф билан бажарди.
15-16 сентабрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган саммитда Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги якунлари сарҳисоб қилинади.
Ўзбекистон мазкур тадбирга ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий ва концептуал ҳужжатлар тўплами билан яқинлашмоқда.
Ишончимиз комилки, Самарқанд саммити йирик сиёсий ва дипломатик форумга айланади ва ШҲТни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида тарихда қолади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА