15-16 сентябрь кунлари бугун дунё ҳамжамиятининг нигоҳи Ўзбекистонда бўлди. Самарқанд шаҳри йирик сиёсий халқаро тадбир – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитига мезбонлик қилди. Самарқанднинг бой тарихий мероси ШҲТнинг навбатдаги саммити фонида янги тўлқинга эга бўлди.
Давлатимиз раҳбари замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ ва мақбул йўл, бу – самарали халқаро ҳамкорлик эканлигини таъкидлаган ҳолда, «муваффақиятли минтақавий ҳамкорлик модели»ни эътироф этди.
Ушбу модель негизида улкан географик маконни қамраб олган ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот ҳисобланган ШҲТ ҳамжамияти турибди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг муваффақият гарови эса минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суриш ҳисобланади. Шу сабабли ШҲТ фаолиятига қўшилиш истагида бўлган давлатлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Агар Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислиги фаолиятига эътибор қаратсак, «ҳар биримиз кучли бўлсаккина, ШҲТ кучли бўлади», деган шиор остида тадбирлар кўрилганига гувоҳи бўламиз. Чунки амалга ошириб келинаётган фаол ва очиқ ташқи сиёсат бугунги кунда яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ижобий жараёнлар рўй бераётган Марказий Осиё минтақасида амалга ошмоқда.
Президентимизнинг «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» сарлавҳали мақоласини ўқиб, «Самарқанд руҳи» тўғрисида билдирган фикрлари эътиборни тортади.
«Шанхай руҳи» ушбу ташкилот Хартиясида ёзиб қўйилган принципларда ўз аксини топган. Хусусан, унинг асосий принципларидан бири – учинчи бир давлатларга қаратилмагани, иккинчиси – ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш, инобатга олиш ва тенг ҳуқуқлилик бўлса, учинчиси – қарор қабул қилишда консенсус тартибига амал қилиш ҳисобланади.
«Самарқанд руҳи»да эса мақолада таъкидланганидек, тарихан шаклланган тушунчага кўра, Самарқанддан туриб қаралганда, дунё тарқоқ эмас, балки яхлит ва бўлинмас бўлиб кўринади. «Самарқанд руҳи» деган ноёб феноменнинг мазмуни ҳам асли шунда мужассам бўлиб, у халқаро ҳамкорликнинг, жумладан, ШҲТ доирасидаги шерикликнинг принципиал жиҳатдан янги форматини шакллантириш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиши мумкин.
Боз устига, Янги Ўзбекистоннинг фаол дипломатиясида Самарқанд мамлакатимизнинг энг муҳим халқаро ташаббусларини илгари суриш учун ноёб платформа бўлиб хизмат қилмоқда. Сўнгги йилларда шаҳарда қатор йирик форумлар муваффақиятли ўтказилди. Ушбу платформалардан олинган туртки ШҲТ маконининг ядроси бўлган Марказий Осиёда ҳамкорликнинг янги форматларининг шаклланишига хизмат қилгани ҳолда яхши қўшничилик, дўстлик ва очиқлик муҳитида минтақавий ҳамда глобал ривожланишнинг долзарб масалалари муҳокамасини кўзда тутадиган «Самарқанд руҳи»да ўзининг яққол ифодасини топган.
Таъкидлаш ўринлики, Марказий ва Жанубий Осиё ҳамда Евроосиё минтақасида жойлашган, айни пайтда нуфуси жиҳатидан дунё аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган мамлакатлар раҳбарларининг бир доирада жамланиши, айтиш мумкин бўлса, бугунги глобал, геосиёсий зиддиятлар авжига чиққан ва ҳар қандай истиқболни олдиндан тахмин этиш тобора қийинлашаётган бир даврда ўз актуаллиги билан барчанинг диққат-эътиборида тургани, шубҳасиз.
Зеро, давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончсизлик жараёни жаҳон иқтисодиётини тушкунлик гирдобига ташлади. Дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган қуролли можаролар савдо ва инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини янада кескинлаштирди, нарх-навонинг кўтарилишига сабаб бўлди.
Боз устига, иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши, биохилма-хилликка путур етиши ҳамда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши инсониятни хавотирга солиб қўйди. Бундай пайтда фақат ҳамкорлик, конструктив мулоқот ва ўзаро манфаатларни ҳисобга оладиган кўп томонлама ҳамкорликкина вазиятдан чиқишнинг ягона йўли бўла олади. Инқироз ва бўҳронлар даврида мамлакатлар катта ёки кичиклигидан қатъи назар, ўзларининг тор доирадаги манфаатларини устун қўймасдан, аксинча, асосий эътиборни ҳамжиҳатликка қаратишлари лозим. Зеро, бу дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг энг муҳим омили самарали ҳамкорлик, десак янглишмаган бўламиз. Айнан шундай ёндашув замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ, мақбул йўл ҳисобланади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мана шундай улкан имкониятларга эга бўлган ҳамда халқаро иқтисодий ва сиёсий муносабатлар тизимида тобора муҳимроқ аҳамият касб этиб бораётган нуфузли халқаро тузилмадир. 1996-1997 йиллари «Шанхай бешлиги» номи билан ташкил этилган ҳамда 2001 йили Ўзбекистоннинг аъзо бўлиб кириши билан «Шанхай ҳамкорлик ташкилоти» номини олган мазкур тузилманинг асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида ўзаро дўстлик, ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, шунингдек, хавфсизлик, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа устувор соҳалардаги самарали ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
Эътиборлиси, Ўзбекистон ташкилот доирасида аниқ ва амалий ташаббусларни илгари суряпти. Айтайлик, Ўзбекистон раҳбарининг транспорт ва ўзаро боғлиқлик, энергетика, озиқ-овқат ва экология хавфсизлиги, инновациялар, рақамли трансформация ва «яшил иқтисодиёт» каби муҳим йўналишлардаги ташаббуслари амалга ошса, ШҲТ доирасидаги иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари бир неча баравар юксалади, ташкилотнинг имижи ва обрў-эътибори ҳам янада ортади.
ШҲТ доирасида миллий манфаатларимизга жавоб берадиган кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича илгари сурилган барча таклиф ва ташаббусларимиз минтақадаги барқарорлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларига тўлиқ мос келади. Чунончи, сўнгги йилларда Ўзбекистон ШҲТ доирасида янги ҳамкорлик платформаларини ишга тушириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди: Президент фармони билан Тошкентда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази очилди, Ташкилотга аъзо давлатлар темир йўл маъмуриятлари раҳбарларининг учрашувлари механизми йўлга қўйилди, Самарқандда «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети барпо этилди. Бу эса, ўз навбатида, пойтахтимизда муқаддам очилган Минтақавий аксилтеррор тузилмасига қўшимча сифатида Ўзбекистоннинг айни жабҳадаги аҳамиятини янада кучайтирди.Шуниси эътиборлики, ташкилотга раислик дунёга очилаётган Ўзбекистонга ўзини янги форматда намоён этиш имкониятини берди. Хусусан, Ўзбекистон нафақат кўп томонлама кооперацияни мустаҳкамлаш, балки ҳар бир давлат билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва кенг қамровли шериклик учун янги йўналишларни белгилаб олиш тажрибасига эга бўлди.
Шу ўринда яна бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш жоиз. Ўзбекистон минтақада тинчликни сақлаш борасидаги ташаббусларнинг доим олдинги сафларида бўлиб келган. Айниқса, бугунги замонавий дунёда ҳамон нотинчлик сақланиб қолаётган Афғон муаммоси давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида. Айтиш ўринлики, давлат раҳбарлари, ШҲТ йиғилишида Афғонистондаги мураккаб вазиятни кенг муҳокама этдилар. Чунки ушбу давлатда тинчлик ўрнатиш ШҲТнинг барча аъзолари учун стратегик масаладир. Саммит – ушбу муаммони муҳокама қилиш учун жуда қулай дипломатик платформа бўлди. Хусусан, Афғонистон билан ўзаро муносабатлар, жафокаш афғон халқига ҳар томонлама ёрдам ва кўмак беришни кучайтириш фикрида барча давлатлар собит қолди.
Шубҳасиз, Афғонистон ШҲТ маконининг ажралмас қисми саналади. Бугун афғон халқи қўшни ва хайрихоҳ давлатлар кўмагига ҳар қачонгидан ҳам муҳтож. Президентимиз таъкидлаганларидек, асрлар давомида глобал миқёсдаги давлатлар ва минтақавий куч марказлари ўртасидаги қарама-қаршиликларда буфер ролини ўтаб келган Афғонистон эндиликда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк вазифасини бажаришдек янги тинчлик миссиясида ўзини намоён этмоғи лозим.Бундай ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликнинг намунавий рамзи сифатида Трансафғон коридорининг қурилиши лойиҳасини айтиш мумкин. Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўли каби қўшма инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш орқали, ижтимоий-иқтисодий ва транспорт-коммуникация вазифаларини ҳал этибгина қолмасдан, минтақавий хавфсизликни таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшиш мумкин.
Бир сўз билан айтганда, ШҲТнинг Самарқанд саммити ўзбек дипломатиясининг, ташқи сиёсатининг яна бир ютуғи бўлди. Зеро, истиқболимизнинг ўтган даврида ҳеч қачон мамлакатимизда бунчалик кўп – 14 давлатнинг раҳбари бир даврага музокара ва фикрлашув учун йиғилган эмас. Ҳеч қачон ШҲТ доирасида рекорд даражада – 44 та битим имзоланган эмас. Бу, ҳеч шубҳасиз, давлатимизнинг халқаро миқёсда обрў-эътибори ортиб бораётганидан далолат беради.
Тошпўлат МАТИБАЕВ,
Социология фанлари доктори, профессор