Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ШҲТга аъзо давлатлар маданият вазирлари нималарни муҳокама этди?
10:34 / 2021-08-19

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирларининг 18-йиғилиши видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков онлайн иштирок этди. Мазкур вазирлик ахборот хизмати маълум қилишича, видеоконференцияда Ҳиндистон маданият вазири Аржун Рам Мегхвал, Қозоғистон маданият ва спорт вазири Актоты Раимкулова, Хитой маданият ва туризм вазирининг ўринбосари Чжан Сюй, Қирғизистон Республикаси маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Кайрат Иманалиев, Покистон Ислом Республикаси миллий мерос ва маданият вазири Шафкат Маҳмуд, Россия Федерацияси маданият вазирининг ўринбосари Ольга Ярилова, Тожикистон Республикаси маданият вазири Зулфия Давлатзода ҳамда ШҲТ бош котиби Владимир Норов иштирок этди.

Мулоқот давомида  бир неча масала кўриб чиқилди.

Хусусан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ўзаро маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари масалалари муҳокама этилиб, давлатлараро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш учун улкан салоҳиятга эга бўлган маданий муҳит яратиш зарурлиги таъкидланди.  

Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари фикрича,   2021 йил ушбу тузилма ташкил этилганининг 20 йиллиги муносабати билан  ШҲТга аъзо давлатлар доирасида “Маданият йили” деб эълон қилинганлиги иштирокчилар томонидан маъқулланди.

Барча иштирокчилар бу ташаббуснинг давлатлар ва халқлар ўртасидаги маданий алоқаларнинг мустаҳкамланишига замин бўлишига ишонч билдирди.

Қолаверса,  ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида маданий ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга ошириш, халқаро кўргазмалар, илмий конференциялар, форумлар, фестиваллар танловлар, маданият кунлари каби тадбирлар доирасида ижодий жамоалар, миллий ижрочиларни жалб этиш кераклиги таъкидланди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси  маданият вазири Озодбек Назарбеков  Ўзбекистон кўп қиррали савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳасидаги ҳаракатларни қўллаб қувватлашини таъкидлаб, пандемия даврида ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида театр, музей, мусиқа ва кино соҳасида ҳамкорликда  онлайн лойиҳаларни амалга ошириш таклифини илгари сурди.

О.Назарбеков учрашув иштирокчиларини мамнуният билан 2021 йил 14-15 сентябрь кунлари Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё дунё цивилизацияси чорраҳасида” маданият форумига таклиф этди.  

Учрашув якунида томонлар йирик маданий тадбирларда иштирок этишдан манфаатдор эканликларини таъкидлаб, театр музей ва кутубхона соҳаларида қўшма онлайн лойиҳаларни фаол ривожлантиришни давом эттиришга келишиб олди.

 

ШҲТга аъзо давлатлар маданият вазирларининг навбатдаги 

учрашувини 2022 йилда ўтказиш белгиланди.

Н.Усмонова, ЎзА