Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ШҲТ саммити яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни таъминлашга хизмат қилади
18:06 / 2022-09-13

"Ижтимоий фикр" РЖФЎМ мамлакат фуқаролари ўртасида телефон сўрови ўтказди. Унда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг шу йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган мажлисига ўзбекистонликларнинг муносабати, ШҲТ фаолиятининг иқтисодий жиҳатлари, хавфсизлик сиёсати ва ташкилотни кенгайтириш хусусиятлари, шунингдек, дунёда иқтисодий ва сиёсий хатар ҳамда таҳдидларнинг ортиши муносабати билан ШҲТнинг иштирокчи мамлакатлари ўзаро ҳамкорлигининг асосий йўналишлари тўғрисидаги фикри аниқланди.

Телефон сўровида мамлакат барча минтақаларининг аҳолиси, эркаклар ва хотин-қизлар, турли ижтимоий қатламларга мансуб ва ҳар хил соҳаларда банд бўлган турли миллат вакиллари иштирок этдилар.

Дунёда кўплаб минтақавий ташкилотлар ва турли хил шартномалар мавжуд. Минтақавий ҳамкорлик ташкилотлари орасида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) алоҳида ўрин тутади.

ШҲТ мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 2022 йил 29 июлда Тошкентда бўлиб ўтган мажлиси доирасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар делегациялари раҳбарларининг бўлиб ўтган учрашувида Ўзбекистон Республикаси Президенти ШҲТ ўзининг сиёсий, иқтисодий, илмий-интеллектуал салоҳияти жиҳатидан энг қудратли бирлашмалардан бири ҳисобланишини таъкидлади.

Ўзбекистон ШҲТ доирасида конструктив ва самарали ҳамкорлик тарафдори ҳисобланади, у ташкилотнинг амалий долзарблиги ва халқаро нуфузини ошириш мақсадида ШҲТнинг янги кун тартибини шакллантиришга ўзининг ҳиссасини қўшишга тайёр.

Давлатимиз раҳбари ШҲТни янада ривожлантиришнинг қатор муҳим жиҳатларини, жумладан, Ташкилотнинг блокларга қўшилмаслик мақомини сақлаб қолиш, янги даъват ва таҳдидларга қарши курашиш салоҳиятини мустаҳкамлаш, Марказий Осиё учун ШҲТнинг "географик ядроси" мақомини сақлаб қолиш, трансчегаравий ўзаро боғлиқлик лойиҳаларини илгари суриш ва Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнларга янада фаолроқ жалб этиш вазифаларини белгилаб берди.

Ўтказилган телефон сўрови ўзбекистонликларнинг аксарияти 2022 йил сентябрь ойида Самарқандда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтиши тўғрисида етарлича юқори хабардорлик даражасини намойиш этганлигини кўрсатди: 39,5% фуқаролар бўлажак муҳим сиёсий воқеадан яхши хабардор эканликларини таъкидладилар, 27,0% сўров иштирокчилари эса "Ҳа, бу ҳақда эшитганман" деб жавоб бердилар.

Тадқиқот давомида респондентлар ШҲТ фаолияти ва иштирокчи давлатлар раҳбарларининг бўлажак учрашуви оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама этилаётганлиги, бунинг устига, у Ўзбекистонда бўлиб ўтиши туфайли ушбу сиёсий воқеага, шунингдек, Ўзбекистоннинг ШҲТ давлатлари билан интеграция жараёнлари ва улар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳамда конструктив мулоқотни ривожлантириш масалаларига фаол қизиқиш билдираётганликларини таъкидладилар.

Сўров давомида фуқаролар ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг бўлажак мажлиси ҳақида маълумот олган манбалар аниқланди: 37,9% респондентлар ШҲТ саммити Самарқандда ўтказилиши ҳақидаги маълумотни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телекўрсатувларидан олганликларини билдирдилар. Шуниси эътиборлики, ўзбекистонликлар халқаро даражадаги ушбу муҳим сиёсий воқеа ҳақида ахборот олган ва аҳамияти жиҳатидан кейинги муҳим ахборот канали Интернет ҳисобланади, айни пайтда таъкидлаш керакки, сўровнинг 27,6% иштирокчилари асосий ахборот манбаси сифатида ижтимоий тармоқларни (Facebook, Instagram) қайд этишган, 24,1% – ШҲТ саммити ҳақида Telegramдан маълумот олган. Телефон сўрови давомида олинган натижалар шуни кўрсатдики, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг бўлажак учрашуви жамоатчилик ўртасида акс садо берди, фуқаролар уни оиласи, қариндошлари, дўстлари, ишдаги ҳамкасблари даврасида муҳокама қилишмоқда (17,2%).

Ўтказилган сўров ўзбекистонликлар ШҲТга аъзо давлатларнинг барча соҳалардаги ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳар бир мамлакатдаги алоҳида иқтисодий ўсишга ҳисса қўшишига, глобал иқтисодий инқирозлар, терроризм, уюшган жиноятчилик ва ахборот таҳдидларига биргаликда қарши туришга ишонишларини тасдиқлайди. “Сизнинг фикрингизча, ШҲТ фаолиятининг асосий мақсади нимадан иборат?” деган саволга 44,8% фуқаролар ШҲТ фаолиятининг асосий йўналиши "ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида иқтисодиёт, савдо, маданият, экология ва бошқа соҳаларда ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш", деб жавоб беришди. 41,2% сўров иштирокчиларининг фикрича, ШҲТ таркибига кирувчи мамлакатларнинг интеграциялашувидаги асосий йўналишлар Марказий Осиёда миллий ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм таҳдидининг олдини олиш, минтақада тинчлик ҳамда доимий барқарорликни мустаҳкамлашдан иборатдир.

Шунингдек, респондентлар кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва инвестициявий ҳамжиҳатлик, ташкилот доирасида савдо алоқаларининг мақбул ривожланиши учун шарт-шароитларни таъминлаш, логистика инфратузилмасини ривожлантириш, иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида янги йўллар ва транспорт йўлакларини қуриш, ишбилармонлар ва молиявий доиралар ўртасида мулоқот ва тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, энергетика, транспорт, телекоммуникация, кредит ва банк соҳасидаги кўп томонлама лойиҳаларни амалий рағбатлантиришга кўмаклашишни ШҲТнинг устувор мақсадлари, деб ҳисоблайди.

Сўровда иштирок этган респондентлар ШҲТ фаолиятининг асосий мақсади, уларнинг тасаввурида, халқлар ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, минтақада дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришдан иборат эканини таъкидлади. Фуқаролар аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, гуманитар соҳадаги ҳамкорлик, ШҲТга аъзо давлатлар халқларининг ўзаро бойиб бориши ва бир-бирини англашига кўмаклашувчи турли маданият ва цивилизацияларнинг конструктив мулоқотини ШҲТ фаолиятининг муҳим таркибий қисми, деб ҳисоблайди.

Фуқароларнинг фикрича, ШҲТ бугунги кунда юқори нуфузга эга ва минтақадаги кўплаб давлатлар учун жозибадор ҳисобланиб, иштирокчи мамлакатларга ташкилот доирасида самарали мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун кенг имконият ва шарт-шароитлар яратмоқда.

Сўров жараёнида 45,0% фуқароларнинг жавобига кўра, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашуви долзарб минтақавий ва халқаро масалаларни ҳал этиш, замонамизнинг умумий таҳдид ва хавфларига биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ўз вақтида жавоб бериш имконини беради.

Респондентларнинг учдан бир қисми яқин келажакда ШҲТ ҳудудида визасиз макон ташкил этилиши, фуқаролар ШҲТнинг ҳар қандай давлатида эркин саёҳат қилишлари, ишлаш ва ўқишлари, божхона чекловлари минималлаштирилиши ва товарлар ҳамда хизматларнинг эркин ҳаракатланиши, ўзаро савдода мавжуд чекловлар бекор қилиниши мумкинлигига умид боғлашмоқда.

Респондентларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг геосиёсий марказига айланмоқда, уларнинг фикрича, мамлакатимиз иқтисодий ва сиёсий соҳаларда фаоллик кўрсатмоқда, минтақада ҳар жиҳатдан етакчи бўлиб бормоқда, айни пайтда ички сиёсий барқарорлик, маданий устуворликлар, мустақил ва фаол сиёсий мавқе мамлакатимизнинг минтақавий етакчилик мақомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Умуман олганда, тадқиқот натижалари ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг бўлажак мажлисига ўзбекистонликларнинг ижобий муносабатини аниқлаб берди, кўриниб турганидек, кўплаб иштирокчилар учун мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбирнинг ўтказилиши ҳақиқатан ҳам Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувининг фаол, модернизациялаш ва янада барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ажралмас жараёнлари ифодаси сифатида қабул қилинмоқда. Тадқиқот иштирокчилари ШҲТнинг Самарқанддаги саммити мамлакатимиз учун янги уфқлар очиб бериб, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилларини, умумий муаммоларни ҳал этишда иштирокчи давлатларнинг жипслигини таъминлашга хизмат қилади, деб ҳисоблайдилар.

"Ижтимоий фикр"

республика жамоатчилик фикрини

ўрганиш Маркази.

ЎзА