Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институтида 17 июнь куни “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти: Марказий Осиёдан Евроосиёга” мавзусида ШҲТ Хартиясининг 20 йиллигига бағишланган конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда ШҲТга аъзо давлатлар Миллий координаторлари, ШҲТ минтақавий аксилтеррор тузилмаси котибияти ва Ижроия қўмитаси ходимлари, Марказий Осиё давлатлари, Россия, Хитой, Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Беларусь, Озарбайжон таҳлил тузилмалари етакчи экспертлари ҳамда мамлакатимиз вазирлик, идоралари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда ШҲТнинг Евроосиёда, жумладан, Марказий Осиёга алоҳида урғу берган ҳолда ўзаро боғлиқликни кучайтириш учун сиёсий платформа сифатидаги салоҳияти ҳақидаги ғоялар илгари сурилди. Бўлажак Самарқанд саммити учун тегишли ташаббус ва таклифлар тайёрлашда фойдаланиш, ташкилотни янада трансформация қилишга доир янги фикрлар билдирилди, экспертлар баҳолари умумлаштирилди.
[gallery-7622]
Сессиялар давомида хавфсизлик ва стратегик барқарорликни таъминлаш, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ишончни кучайтириш орқали Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликка кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди, ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, геоиқтисодий имкониятни кенгайтириш ва жуғрофий изоляцияни енгишга қаратилган турли концепциялар кўриб чиқилди.
ШҲТ ривожида Марказий Осиё минтақалараро алоқани кучайтиришга улкан ҳисса қўшадиган истиқболли платформа вазифасини ўташи, трансформация нуқтаи назаридан ташкилотнинг "географик ядроси" экани эътироф этилди.
Эроннинг аъзолиги билан ШҲТни янада ривожлантириш истиқболи ва имконияти таҳлил қилинди.
Бир сўз билан айтганда, мазкур нуфузли конференция ШҲТ Миллий координаторлари ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар илмий-тадқиқот институтлари вакиллари ўртасида сиёсий, иқтисодий, гуманитар ҳамкорлик, терроризмга қарши кураш ва бошқа соҳаларга доир масалалар юзасидан очиқ, конструктив фикр алмашиш майдонига айланди.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА мухбири