Тошкент шаҳрида 25 январь куни Ўзбекистон Республикаси раислигида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Миллий координаторлари кенгаши (ШҲТ МКК)нинг навбатдаги йиғилиши иш бошлади.
Гибрид форматда ўтаётган тадбирнинг очилишида мамлакатимиз ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси ижрочи директори Руслан Мирзаев иштирок этди.
Учрашувда ШҲТга аъзо давлатлар вакиллари Ташкилотнинг Давлат раҳбарлари кенгаши ва бошқа низом органларининг бўлажак мажлисларига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Имзолаш учун таклиф этиладиган ҳужжатлар рўйхати лойиҳаси муҳокама қилинди.
[gallery-5560]
Ушбу нуфузли ташкилотга 2021-2022 йиллар мобайнида раислик қилиш Ўзбекистонга ўтиши тўғрисидаги қарор Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Душанбедаги саммитида қабул қилинган.
Ўшанда Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг ШҲТдаги раислиги доирасида амалга ошириладиган устувор вазифаларни баён қилган эди.
Ўзбекистон раислиги даврида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорларимиз билан бирга 80 дан ортиқ тадбир ўтказиш кўзда тутилган.
Бу галги йиғилиш доирасида Миллий координаторларни Ўзбекистоннинг ахборот технологиялари соҳасидаги ютуқлари ва туризм салоҳияти билан яқиндан таништириш ҳам режалаштирилган.
ШҲТ МКК йиғилиши 28 январга қадар давом этади.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА мухбири