Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ШҲТ миллий координаторлари Бухорода йиғилди
19:45 / 2022-03-15

Бухорода Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар миллий координаторлари кенгашининг (ШҲТ МКК) навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Асосий йиғилиш ва муҳокамаларда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Владимир Норов, ташкилотга аъзо давлатлар миллий координаторлари ва ШҲТнинг доимий органлари раҳбарлари қатнашди.

Таъкидланганидек, 2021 йил сентябрь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тожикистон Республикаси Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган саммитида ушбу нуфузли ташкилотга 2021-2022 йилларда раислик қилиш Ўзбекистонга ўтиши тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Унда Президентимиз мамлакатимизнинг ШҲТдаги раислигидаги устувор вазифаларини баён қилган.

Булар – ШҲТнинг нуфузи ва салоҳиятини янада ошириш, ички минтақавий савдони ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш, саноат кооперацияси дастурини қабул қилиш ва бу борада ҳамкорликни назарда тутувчи марказларни тузиш, мазкур халқаро ташкилотнинг транспорт боғлиқлиги стратегиясини қабул қилиш, ШҲТ маконида инфратузилмани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш, камбағалликни камайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтириш, ташкилотнинг халқаро ахборот хавфсизлиги бўйича экспертлар форумини таъсис қилиш, ШҲТнинг Эзгу ният элчиси институтини жорий қилиш, туризм соҳасида ҳукуматлараро битимни ишлаб чиқиш, юқумли касалликларга қарши курашишни назарда тутувчи “Йўл харитаси”ни қабул қилиш каби устувор вазифалардир. Бу борада мамлакатимиз раислиги даврида давлатимиз раҳбари томонидан эътироф қилинган долзарб аҳамиятга эга шартларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорлар билан тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган.

[gallery-6160]

Бухорода ташкиллаштирилган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Миллий координаторлари кенгашининг (ШҲТ МКК) навбатдаги йиғилиши ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади. Муҳокамада Ўзбекистоннинг ШҲТга раислигидаги асосий тадбирлар жадвали, шунингдек, мамлакат ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Тадбирда қатнашган вилоят ҳокими Ботир Зарипов йиғилиш қатнашчиларини Бухоронинг тарихий ва сайёҳлик салоҳияти билан таништирди.

Тадбирда вилоят иқтисодий салоҳияти, хусусан, хорижий инвестиция иштирокидаги узвий ҳамкорликка эътибор қаратилди. Ислоҳотларнинг ёрқин самараси сифатида ҳудудда хорижий бизнес вакиллари учун кенг ишбилармонлик муҳити яратилгани, ҳозирда вилоятда хорижий инвесторлар иштирокидаги 360 дан ортиқ корхона фаолият юритаётгани қайд этилди. Қишлоқ хўжалиги тармоқлари билан бирга, ҳудудда пахтани қайта ишлаш, енгил саноат ва тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, нефт ва газ тармоқлари барқарор ривожланаётгани таъкидланди.

Учрашувда ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг жорий йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган йиғилишига тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Эслатиб ўтамиз, ШҲТ миллий координаторлари кенгашининг бундан олдинги йиғилиши шу йил 26-28 январь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган эди.

Иштирокчилар қадим Бухорога ташриф давомида диққатга сазовор кўп асрлик меъморий обидалар – “Пойи калон” мажмуаси, “Сомонийлар” мақбараси, “Арк” қўрғони, “Лаби ҳовуз” мажмуи, “Тоқи заргарон”, “Тоқи телпакфурушон”, “Тоқи саррафон” каби кўҳна савдо расталарига саёҳат қилди.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА