Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ШҲТ майдонида соғлиқни сақлаш бўйича муҳим масалалар муҳокама қилинмоқда
12:45 / 2022-06-08

Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш вазирларининг бешинчи йиғилишида соҳа мутасаддилари навбати билан ўз маърузаларини тақдим этишяпти.

“ШҲТ мамлакатлари анъанавий (халқ) табобатини замонавий соғлиқни сақлаш тизимларига интеграцияси” халқаро форумининг иккинчи кунида соҳага мутахассислар тайёрлаш, шифокорлар малакасини ошириш тизимини йўлга қўйиш, изчил илмий-тадқиқот олиб бориш билан боғлиқ умумий тамойиллар хусусида сўз бормоқда.

Мажлисда “COVID-19 пандемияси даврида сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш бўйича ўзаро саъй-ҳаракатни бирлаштириш” масаласи атрофлича муҳокама қилинди.

Аъзо давлатлар эпидемиядан кейин юзага келган муаммоларни ҳал қилиш учун бирдамликда иш олиб бораётгани, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилаётгани айтиб ўтилди.

Дастурга мувофиқ, тузилмага аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, халқ табобатининг замонавий тиббиётга интеграциялашуви, юқумли бўлмаган касалликлар хавфини камайтириш бўйича делегациялар раҳбарлари ҳисоботи тингланди.

Ҳамкорлик ва алмашинувнинг яхши суръати сақлаб қолгани таъкидланди. Пандемия профилактикаси, бирламчи тиббий-санитария ёрдами ва халқ табобати йўналишида амалий ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги мақулланди.

Учрашувда Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Марат Шоранов, Хитой Халқ Республикаси Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси раҳбари Ма Сяовей, Қирғиз Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Жаркинбек Касимбеков, Покистон Ислом Республикаси Миллий соғлиқни сақлаш хизмати, тартибга солиш ва мувофиқлаштириш вазирлиги махсус котиби Ифтихор Али Шалвоний сўзга чиқди.

– Коронавирус авж олгандан буён Хитой инсоният ва ҳаёт тамойилига, илмий асосланган назорат ва стратегияга амал қилмоқда, – деди жаноб Ма Сяовей. – Жорий йил февраль ойи охиридан бошлаб, омикрон штамми мутацияси туфайли Хитойда коронавирус билан боғлиқ вазият яна ташвишли тус олиб, касаллик такрорий авж олиши кутилмоқда. Биз вирус тарқалишини иложи борича ушлаб туриш учун аниқ комплекс чоралар кўрдик. Ҳозир Шанхай ва Пекиндаги вазият самарали назорат қилинмоқда. Иккала шаҳар ҳам аста-секин меъёрий ишлаш ва яшаш тарзига қайтмоқда. Мамлакат вируснинг олдини олиш, назорат қилиш ва даволаш бўйича тажрибасини 180 дан зиёд мамлакат, 10 халқаро ва минтақавий ташкилот билан ўртоқлашди, 2,2 миллиард дозадан кўп вакцина тақдим этди.

Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко ва Тожикистон соғлиқни сақлаш вазири Жамолиддин Абдуллозода ўз чиқишида соғлиқни сақлаш бўйича ҳамкорлар олдида турган бир қатор муҳим вазифаларга тўхталди.

Беҳруз Худойбердиев,

Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА