Тошкентда Қозоғистон Республикаси раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) Кенгашининг навбатдаги – ўттиз тўққизинчи мажлиси бўлиб ўтди. Тадбирда Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари ҳамда ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси делегациялари иштирок этди.
Йиғилишда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгашининг ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашига ШҲТ МАТТнинг 2022 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисобот-маърузаси маъқулланди. ШҲТга аъзо давлатлар терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши туриш бўйича ҳамкорлиги дастурининг 2022 йил давомидаги ижроси хусусида тайёрланган ахборот кўриб чиқилди. ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасининг ўтган даврдаги фаолияти ижобий баҳоланди.
Интернет тармоғидан террорчилик, сепаратистлик ва экстремистлик мақсадида фойдаланишнинг олдини олиш бўйича қўшма ахборот амалиётини ўтказиш тўғрисида қарор қабал қилинди.
[gallery-11325]
2023 йилда ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли идораларининг навбатдаги “Евросиё – Аксилтеррор-2023” қўшма аксилтеррор ўқув машғулотини Қирғиз Республикасида ташкил этиш, шунингдек ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли идоралари чегара хизмати раҳбарлари тўққизинчи йиғилиши ҳамда ШҲТ МАТТнинг тўққизинчи халқаро илмий-амалий конференциясини ўтказиш масалалари келишиб олинди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар аксилтеррор маркази ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум лойиҳаси маъқулланди.
Покистон Ислом Республикаси вакили Ойша Фарукийга “ШҲТга аъзо давлатнинг ШҲТ МАТТ Кенгашидаги Фахрий вакили” унвони берилди.
ШҲТ МАТТ фаолиятини ривожлантириш ва ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли идоралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссаси учун бир гуруҳ ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли идоралари ходимлари ва ШҲТ МАТТ мансабдор шахслари ҳам тақдирланишди.
ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси фаолиятини ташкилий, кадрлар ва молиявий масалалар бўйича таъминлаш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгашининг навбатдаги мажлисини Қозоғистон Республикаси ҳудудида ўтказиш юзасидан келишувга эришилди.
Кенгаш йиғилиши ишбилармонлик муҳитида, дўстона руҳда ўтди.
Ғайрат Хонназаров,
Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА