French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ШҲТ мамлакатларига ягона транспорт макони зарур(ми?)
11:26 / 2025-11-27

“Нуқтаи назар” рукнида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Илғор халқаро тадқиқотлар институти илмий ходими, “Билим карвони” нодавлат илмий муассасаси эксперти Наргиза Умарованинг мулоҳазалари тақдим этилади.

Жаҳон сиёсатида кўпинча йирик давлатларнинг сўзи, ҳаракати бирмунча устуворликка эга бўлади. Айни манзара бошқа томондан муҳим қарор ва ташаббусларни илгари суришда ўша мамлакатларнинг ўрни алоҳида экани ҳақида нотўғри тасаввур уйғотиши мумкин. Аслида бу баҳсли масала. Зеро, ҳар қандай давлат халқаро кун тартибига муайян оҳанг бера олади. Бунинг ёрқин мисоли сифатида Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) юбилей саммитини келтириш мумкин.

Маълумки, ШҲТ асосини ташкил этадиган Марказий Осиё замонавий тараққиёт босқичида халқаро муносабатларда масъулиятли субъект сифатида шаклланиб улгурди. Эндиликда минтақа учун умумий тақдирни барпо этиш йўлида кучларни бирлаштириш зарурати тобора чуқур англанмоқда. Ушбу узоқ кутилган бирлашув аломатини ташқи сиёсатнинг долзарб масалалари бўйича позициялар яқинлашувида кўриш мумкин.

Тяньцзинь саммитида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, савдо тўсиқларини бартараф этиш, сув, энергетика ва транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек саноат ишлаб чиқаришининг истиқболли соҳалари, жумладан стратегик фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлашга инвестиция жалб этиш зарурлиги ҳақида бир овоздан фикр билдирди. Муҳими, бу масалалар ёрдам сўраб эмас, балки таклиф ва ташаббус билан чиқиш нуқтаи назаридан тақдим этилди. Яъни, “Шанхай оиласи”га аниқ ва дадил ғоялар илгари сурилди. Айниқса, бир ташаббус алоҳида эътиборга лойиқ.

Ўзбекистон Президенти ШҲТ ягона транспорт маконини яратиш таклифини берди. Бу ғоя, таъбир жоиз бўлса, тузилманинг барча аъзоларини, географик жойлашувидан қатъи назар, жипс боғловчи рақамлаштирилган транспорт йўлаклари тармоғини барпо этишга қаратилган даъват сифатида янгради. Ушбу жараён марказида муҳим муаммо турибди: ШҲТ давлатларининг автомобиль ва темир йўл тармоқлари етарли даражада интеграциялашмаган. Масалан, Жанубий Осиёнинг йирик давлатлари – Ҳиндистон ва Покистон ШҲТнинг тўлақонли аъзолари сифатида на Марказий Осиё, на Россия ва Беларусни барлаштирган Евросиё шимолий кенгликларига тўғридан-тўғри чиқиш имконига эга эмас. Мавжуд йўллар ҳаддан ташқари узоқ ва қиммат бўлиб, ўзаро савдони жиддий чеклаб қўймоқда.

Яна бир мисол: Эрон Ислом Республикаси Евросиё транспорт-транзит архитектураси марказида туриб, Шарқ ва Марказий Осиёни Европа билан боғловчи Жанубий темир йўл тизимини яратишда фаол иштирок этмоқда. Афсуски, бу давлат темир йўллари ҳали Марказий Осиё юртлари ва кенгроқ маънода аскарияти ШҲТ таркибидаги МДҲ давлатлари транспорт маконига тўлиқ интеграциялашмаган.

Транспорт қонунчилиги, юк ҳужжати, техник стандарт, чегара ва божхона тартиботи билан боғлиқ тафовут минтақалараро транспорт йўлаклари самарали ишлашига жиддий тўсқинлик қилмоқда.

Ўзбекистон ҳозир Трансафғон йўлагини ишга туширишга тайёргарлик кўрмоқда. Термез – Найбобад – Майдоншаҳр – Логар – Харлачи йўналиши бўйлаб барпо этиладиган ушбу йўлак Европа, Хитой ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк вазифасини бажариши кутиляпти. Мазкур лойиҳа Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон юқори тоғли темир йўли ҳамда Шимолий йўлак билан уйғунлашади. Натижада Марказий Осиё давлатлари экспорт ва транзит салоҳияти сезиларли кенгайиб, узоқ кутилган Ҳинд океани портларига тўғридан-тўғри темир йўл орқали чиқиш орзуси амалга ошади.

Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, келажакда Ўзбекистон ва Қозоғистон йилига қўшимча 20 миллион тоннагача, Қирғизистон ва Тожикистон эса 5 миллион тоннагача транзит оқимини жалб қилиши мумкин. Шундай истиқбол нуқтаи назаридан мамлакатимиз ШҲТ ҳамкорларини ягона транспорт макони яратишга чақириб, мазкур концепцияни ишлаб чиқа бошлади. Мазкур лойиҳани амалга ошириш ШҲТ мамлакатлари темир йўл маконини интеграциялаш Кенгаши зиммасига юкланиши эҳтимоли юқори. Мазкур кенгашни ташкил этиш таклифи ўтган йил илгари сурилган бўлиб, тузилма қароргоҳи Тошкентда жойлашиши назарда тутилган.

Наргиза Умарова,

ЖИДУ илмий ходими,

ЎзА