Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ШҲТ етакчилари Самарқанд декларациясини имзоладилар
19:32 / 2022-09-16

ЎзА. “Жаҳон матбуоти саҳифаларида”

САМАРҚАНД, 16 сентябрь — РИА Новости. Саммит якуни бўйича Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Самарқанд декларациясини имзолади.

Ҳужжатнинг асосий қоидалари:

Мамлакатлар ШҲТ бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларга қарши қаратилган эмаслигини тасдиқлади, шунингдек, ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ҳамкорлик учун очиқликни қайд этдилар;

Жаҳон савдо ташкилоти самарадорлигини ошириш ва ташкилотни замонавий иқтисодий воқеликларни ҳисобга олган ҳолда ислоҳ қилишга чақирдилар;

Мудофаа ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, террористик ва экстремистик ташкилотларнинг ягона рўйхатини тузиш ниятида эканликлари маълум қилинди, шунингдек, “Тинчлик миссияси” қўшма аксилтеррор қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларини ўтказиш муҳимлигини таъкидладилар;

Алоҳида давлатлар томонидан глобал ракетага қарши мудофаа (РҚМ) тизимларини бир томонлама йўлга қўйишни қораладилар. Бу уларнинг фикрича, халқаро хавфсизлик ва барқарорликка салбий таъсир кўрсатади;

АКТ соҳасини ҳарбийлаштиришга қарши чиқишди ва БМТ раҳбарлигидаги АКТдан жиноий мақсадларда фойдаланишга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқишни қўллаб-қувватладилар;

Кимёвий қуролларни яратиш, ишлаб чиқариш, тўплаш ва қўллашни тақиқлаш ҳамда уни йўқ қилиб ташлаш тўғрисидаги конвенцияга (КЗХО) риоя қилишга чақирдилар;

Коинотни қуролдан ҳоли сақлаш тарафдори бўлиш ва коинотда қуролланиш пойгасининг олдини олишга кафолат берадиган халқаро ҳуқуқий ҳужжат тузиш зарурлигини таъкидладилар;

Эроннинг ядровий дастури бўйича ҳаракатлар режасини амалга ошириш муҳимлигини эътироф этган ҳолда, Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома қоидаларига сўзсиз риоя қилишга чақирдилар;

Афғонистонда барча этник, диний ва сиёсий гуруҳлар вакиллари иштирокидаги инклюзив ҳукумат яратиш зарурлигини таъкидладилар;

Стартап ва инновациялар бўйича махсус гуруҳ, шунингдек, қашшоқликни бартараф этиш ва халқ табобати бўйича гуруҳлар тузишга келишиб олинди;

“ШҲТнинг яхши ниятли элчиси” унвони тасдиқланди;

2023 йил Туризм йили деб эълон қилинди.

Умуман олганда, аъзо давлатлар 40 га яқин ҳужжат, жумладан, узоқ муддатли қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга оширишнинг комплекс режасини имзоладилар.