Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатларда туризм саноатини ривожлантиришга бағишланган илмий-амалий конференция ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда маҳаллий ҳамда ШҲТ мамлакатлари туризм соҳасидаги олий таълим муассасалари мутахассислари, халқаро экспертлар иштирок этди.
Анжуман аввалида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ректори Азиз Абдуҳакимов, ШҲТ Бош котиби ўринбосари Шри Ганеш Каин бугунги кунда дунё мамлакатлари иқтисодиётида туризм етакчи тармоққа айланиб бораётгани ва бу ўтаётган ҳафтада Самарқанд мезбонлик қилган Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессияси тадбирларида алоҳида қайд этилганини таъкидлади.
– Бугунги кунда халқаро майдонда ШҲТнинг обрў-эътибори ошиб, географияси ҳам кенгайиб бормоқда, – деди А.Абдуҳакимов. – Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги иқтисодий муносабатлар ҳам йил сайин мустаҳкамланмоқда. Бу эса ушбу мамлакатларда туризмни ривожлантириш учун катта имконият ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб ташкил этилган мазкур конференция ҳам ШҲТ давлатлари иқтисодининг муҳим драйвери бўлган туризм соҳасини ривожлантириш, унинг барқарорлигини таъминлаш, маданий мерос соҳасида самарали лойиҳаларни ишлаб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
[gallery-14116]
Конференцияда барқарор туризм ва маданий меросни ривожлантиришнинг истиқбол масалалари, концепциялар муҳокама этилди. Жумладан, маданий меросни асраб-авайлаш мақсадида ШҲТ мамлакатлари ўртасида маданий алмашинув дастурларини амалга ошириш, минтақадаги турли анъаналар ва санъат шаклларини намойиш этадиган фестиваль ҳамда кўргазмалар ўтказиш зарурлиги таъкидланди. Виза тартиб-таомилларини соддалаштириш ва ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги транспорт алоқаларини кучайтириш орқали трансчегаравий туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш ҳам муҳим масалалар қаторида қайд этилди.
Шунингдек, барқарор туризм амалиётларини, жумладан, чиқиндиларни бошқариш, атроф-муҳит ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш бўйича ҳаракатларни амалга ошириш, сайёҳларнинг маданий мерос объектларига киришини осонлаштириш учун транспорт инфратузилмасини яхшилаш, ШҲТ мамлакатлари ўртасида қўшма маркетинг кампаниялари ўтказиш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Анжуман қатнашчилари муҳокама этилган масалалар ШҲТ давлатларининг бой маданий мероси ва табиий ресурсларидан самарали фойдаланган ҳолда барқарор туризмни ривожлантириш, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақада ва ундан ташқарида кенгроқ маданий алмашинувни йўлга қўйишга хизмат қилишини таъкидлади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари