Жаҳон матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Қирғиз Республикасининг “Кабар” давлат ахборот агентлиги сайтида “ШҲТ Бош котибининг Ўзбекистонга ташрифи ҳақида” сарлавҳали мақола берилди.
Муаллиф жорий йил Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётгани, ушбу муҳим ва масъулиятли миссия ШҲТ нуфузини янада юксалтиришга қаратилганини батафсил шарҳлаган.
Материалда ШҲТ Бош котиби Чжан Миннинг мамлакатимизга ташрифи, Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари иштирокидаги саммитга тайёргарликнинг бориши, Ўзбекистон раислигида қатор тадбирлар ташкил этилаётгани атрофлича ёритилган.
– Ўзбекистон ташаббуси билан ШҲТ доирасида ҳамкорликнинг янги йўналишлари очилди, – дейилади, жумладан, мақолада. – Хусусан, илк бор аъзо давлатлар ахборот-коммуникация технологиялари, камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича масъул раҳбарлар йиғилиши бўлиб ўтди.
Мақолада, шунингдек, Тошкентда ШҲТ Халқ дипломатияси форуми, маданият вазирларининг ўн тўққизинчи йиғилиши, ўсимликлар карантини, спорт, туризм соҳалари бўйича масъул идоралар раҳбарлари иштирокидаги учрашувлар, “ШҲТ мамлакатлари ҳамкорлигининг янги босқичи: туризм ва маданий мерос” халқаро форуми муваффақият билан ўтказилгани эътироф этилган.