Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Владимир Норов бугун Тошкентда бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик.
Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференциянинг ялпи мажлиси иштирокчиларига видеомурожаат йўллади.
Бош котиб Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро ва кўп томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган ушбу нуфузли халқаро конференцияга таклиф этгани учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирар экан, минтақа тараққиёти минг йиллар давомида ўзаро боғлиқлик ва ўзаро мулоқотларга асосланганини алоҳида такидлади.
– Евроосиё қитъасининг 60 фоиз ҳудудида жойлашган давлатларни бирлаштирган ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бу йил 20 ёшга тўлди. Ташкилот Марказий ва Жанубий Осиёнинг хавфсизлиги ва тараққиётига ўзини масъул ҳисоблаб, ушбу икки минтақа ривожланиши ва ўзаро мулоқотларини янада чуқурлаштиришга муҳим ҳисса қўшмоқда. ШҲТ маконида оптимал транспорт йўлакларини барпо этиш, барқарор иқтисодий тараққиётни қўллаб-қувватлаш, мустаҳкам ишлаб чиқариш занжирини яратиш учун Мозори Шариф – Ҳирот ва Мозори Шариф – Пешовар темир йўлларини қуриш устувор ҳисобланади. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой ушбу йўлакнинг Шарқ ва Ғарб йўналиши бўйича муҳим бўғин бўлиб хизмат қилади ва Марказий Осиё давлатларининг денгиз портларига чиқишини таъминлайди, – деди В.Норов.
Бундан ташқари, ШҲТ Бош котиби ўз мурожаатида ушбу минтақанинг тараққий этиши учун Афғонистонда тезроқ мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида қайд этди.
ЎзА