Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар адлия вазирларининг навбатдаги ўн иккинчи (онлайн) йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Тожикистон адлия вазирлари, Қирғизистон адлия вазири ўринбосари ҳамда ШҲТ бош котиби иштирок этди.
Йиғилишда аъзо давлатлар адлия вазирликлари фаолиятидаги ислоҳотлар ҳамда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон адлия вазири A.Tошқулов мамлакатимизда адлия ва ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳуқуқий ахборотни тарқатиш, “ақлли тартибга солиш” тизими, рақамли адлия, сунъий интеллект асосидаги “LexAI” чат-бот, суд-экспертиза соҳасидаги янгиликлар, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорлик истиқболлари борасида нутқ сўзлади.
Хусусан, нотариат хизматлари рақамлаштирилгани, «Нотариус» ахборот тизими орқали ҳужжатларни электрон шаклда юритиш ва нотариал жараёнларни соддалаштириш механизми, давлат ҳисобидан бепул малакали юридик ёрдам нафақат жиноий ишларда, балки маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва фуқаролик ишларида ҳам кўрсатилаётгани алоҳида таъкидланди.
Йиғилиш давомида ШҲТга аъзо давлатлар адлия вазирларининг навбатдаги йиғилишини ташкиллаштирувчи давлат Тожикистон Республикаси этиб белгиланди.
Тадбир якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан томонларнинг умумий келишувларини акс эттирувчи қўшма баёнот имзоланди.
Н.Абдураимова, ЎзА