Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шерзодхон Қудратхўжа: “Талаба ишга кира олмаслигининг асосий сабаби фақатгина таълим тизими билан боғлиқ эмас!”
12:55 / 2023-04-14

Маълумки, жорий йил 11 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда қайд этилишича, 2022 йил 11 та давлат олийгоҳининг 11 мингдан зиёд битирувчиларидан 6,5 минг нафари ишга жойлашмаган. Грантда ўқиган 3 минг талаба ҳам ишга кирмаган. Профессионал таълимда ҳам, ўтган йили коллеж ва техникумларни 143 минг нафар ёш битирган бўлса, шундан 30 минг нафари иш топа олмаган.  

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа мамлакатимиз ёшларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш каби масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.  

– Давлат раҳбари ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ташкил этилган йиғилишда талабаларнинг бўш вақти қандай ўтиши, уларнинг бугунги мутолаа қилаётган китоблари, талабалик онларидаги “олтин давр” руҳи қандай кечиши каби жиҳатларга алоҳида тўхталди. Бу бежиз эмас, албатта. Президент масъулларга “Бўйинбоғни ечиб ишланглар, одамларнинг ичига киринглар, улар билан суҳбатлашинглар” дея таъкидлади. 

Ҳар доим ёшлар билан ишлашни ёқтираман. Қалбим ҳамиша ёш бўлгани учун талабаларим ёнига талпинаман. Бир куни бир гуруҳ тўпланиб турган талабаларга яқинлашар эканман, ёшлар битта елим сув идишини бир-бирига қарата айлантириб, ўйин ўйнаётганлигига гувоҳ бўлдим. Билсам, ўйиннинг номи “Жасорат ёки ҳақиқат” деб номланар экан. Яъни, ўйинда ютқазган бола маълум бир айтилган шартларни бажариши керак. Мен ҳам талабалар билан бир оз ўйнагандек бўлдиму, елим идишни четга олиб, уларга савол бердим. Талабалар дуч келаётган масалаларни ҳар биридан сўраб, саволларига жавоб бера бошладим. Ёшларнинг таклиф ва фикрлари кўп эди. Бир талабамиз кутубхонага янги китоблар олиб келиш кераклигини, бири айнан шу китобларнинг электрон вариантини, бошқаси спорт зали кичиклиги туфайли футбол майдони гаплашиб беришимизни сўради ва ҳаттоки, Тошкентдаги мусобақаларда ютишга ваъда ҳам берди.  

Яна бир шогирдимиз университетда турли спорт ўйинлари учун, хусусан, волейбол тўпларини кўпайтириб беришни, бири таклиф сифатида қолдирилган дарсларга ёзиладиган мустақил иш ва рефератларнинг ўрнига “Википедиа” учун мақолалар ёзиб беришни айтди. Ҳар бир талабанинг гапини эшитдим.  

Давлатимиз раҳбари доим ёшларнинг муаммосини ич-ичидан билиб, уларнинг орзулари ҳақида кўпроқ гаплашиб, ҳар жабҳада ёрдам қўлини чўзиш лозимлигини айтади.  

Видеоселектор йиғилиши давомида жуда кўп масалалар эътибор марказида бўлди. Мамлакатимизда 30 ёшгача бўлганлар 19 миллиондан ортиқлиги ёки аҳолининг 55 фоизини ташкил қилиши таъкидланди. Меҳнат бозорига ҳар йили 600 минг йигит-қиз кириб келаётган бўлса, келгуси 10 йилда бу рақам 1 миллионга етади. Шу боис, ёшларга сифатли таълим бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги йиғилишнинг асосий мавзуларидан бири бўлди.  

Хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш учун, аввало, ишга қабул қилиш тизимини қайта кўриб чиқиш кераклиги айтилди. Мисол учун, ҳозирда 103 мингдан ортиқ ташкилотда 254 минг бўш иш ўрни бор. Лекин ўтган йили олий таълимни битирган 6 мингдан ортиқ, коллеж ва техникумни тамомлаган 30 минг нафар йигит-қиз иш топа олмаган. Бу борада мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.  

Биласизми, ишга кира олмасликнинг асосий сабаби фақатгина таълим тизими билан боғлиқ эмас, деб ўйлайман. Чунки ўқишга кираётган баъзи талабалар таълим учун эмас, аксинча, ўқишга шунчаки кириш учун ҳужжат топширади. Фаолиятини шу соҳада давом эттирадими-йўқми, унинг учун бу аҳамиятсиз. 4 йил давомида вақтини беҳуда ўтказади. Таълим муассасасини тугатиб, ишга жойлашишга келганда, унда на билим бўлади, на кўникма. Шунинг учун ёшлар, аввало, ўзининг келажагини, режаларини аниқ белгилаб олиб, олий таълимга ҳужжат топширса, юқоридаги каби рақамлар ҳам камайиши мумкин.  

Шунингдек, йиғилишда бугунги кунда 1,5 миллион ёш бўш вақтини чет тилини ўрганишга бағишлаётгани таъкидланди. Уларнинг бу интилиши рағбатлантирилиб, хусусий марказларда тил ўрганиш харажатларига субсидиялар ажратилиши айтиб ўтилди. Бу фикр ҳақиқатан тўғри. Чунки ёшлар чет тилларини қанчалик мукаммал билса, фикрлаш доираси кенгаяди, шу билан бирга, юқори маошли ишда ишлаш имкониятига ҳам эга бўлади.  

Шунингдек, йиғилишда  IT секторини ривожлантириш борасида ҳам қатор топшириқлар берилди. IT-Парклар бўйича тажрибадан келиб чиқиб, ҳудудларда келгусида “Креатив парк”лар ташкил этилиши режалаштирилди. Уларга IT-Парк резидентларига берилган имтиёз ва енгилликлар қўлланади.  

Бугун IT соҳасини ривожлантириб, жисмоний меҳнат сарфламай, интеллект орқали ҳам давлатга миллиардлаб маблағ олиб келиш мумкин. Бундай салоҳиятга эга ёшлар жуда кўп, уларга берилган имкониятлар ҳам етарли даражада топилади. Ҳиндистон, АҚШ ва бошқа давлатлар бу йўлни аллақачон босиб ўтган. Ўзбекистонда ҳам “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси аста-секин ўз меваларини бермоқда.  

Бир сўз билан айтганда, ушбу видеоселектор йиғилиши ёшларнинг барча муаммо ва масалаларини қамраб олди — ишсизлик, таълим сифати, янги иш ўринлари яратиш, шу билан бирга, уларнинг маънавий онгини ўстириш. Чунки бугун кўпчилик телефон ва интернетга муккасидан кетган. Ёшларнинг бирлашиши, “team building”лар, ўзаро суҳбат ва дебатлар камайди. Биз уларни фаолликка чорлашимиз лозим.  

Биласизми, олий таълимда ҳар бир ректор, проректор, деканлар ва тюторларнинг барчаси шуни тушуниши керакки, ёшлар билан ишлаш, давлатимиз раҳбари айтганидек, бу миллатимизнинг бош масаласи. Биз улар билан бамисоли ўз фарзандимиз билан гаплашгандек суҳбатлашишимиз зарур.  

Бизда шаклланган яна бир гўзал қадрият устоз-шогирд муносабатларидир. Халқимиз орасида ушбу маданиятнинг ёзилмаган қоидалари минг йилларки камолга етиб келаётир. Устоз кўрган шогирд, албатта, бошқалардан ажралиб туриши барчамизга аён. Халқимиз “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар”, деб бежиз айтмаган.  

Ўзбекистоннинг келажаги ёшлар қўлида. Кўпчилик бу жумлаларни баландпарвоз дейиши мумкин, аммо ундай эмас. Чунки олдингидан фарқли равишда бунга аниқ тизим яратиляпти, ечим шахсан давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатиб бериляпти.  

Куни кеча бўлиб ўтган, тарихда жуда катта из қолдирадиган видеоселектор йиғилишида ҳам ёшлар билан ишлашда мутасадди ташкилотлар, жамоатчилик вакиллари ва Ўзбекистон халқи янги тизим яратилганининг гувоҳи бўлди. Фарзандларимизга илмни эҳсон қилар эканмиз, ёшларимизнинг келажаги ёруғ бўлиши, уларнинг ҳар томонлама етук, буюк алломаларнинг ҳақиқий вориси бўлиб етишишида шак-шубҳага ўрин қолмайди.  

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.  

ЎзА