Шерзод ШЕРМАТОВ: 11 йўналишда вариатив ўқув режалари тажриба-синовдан ўтказилади
Ўзбекистонда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, таълим сифатини ошириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалалари давлат сиёсати даражасига олиб чиқилган.
Бугун бошланган “Халқаро тадқиқотларда иштирок этиш – инсон капиталини ривожлантириш омили” мавзусидаги онлайн вебинарда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов тизимда амалга оширилган ислоҳотлар ва келгусидаги вазифалар хусусида сўзлаб берди.
– Маълумки, Ўзбекистон ва Россия ўртасида таълим тизимини ривожлантириш борасида ҳам мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган, – деди Ш.Шерматов. – Ўтган йили READ дастурининг кўмагида москвалик экспертлар иштирокида Москва, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган семинарлар ўз самарасини кўрсатиб, ўқитувчилар малакасини оширишда муҳим омил бўлди.
Ўзбекистонда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, таълим сифатини ошириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалалари давлат сиёсати даражасига олиб чиқилган.
Бу борада, умумий ўрта таълим тизимини такомиллаштириш бўйича ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Халқ таълими тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида 17 та Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарори, 42 та Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги фармони билан тасдиқланган ва халқ таълими тизимини ислоҳ қилишга қаратилган, ушбу соҳани 10 йиллик стратегиясини белгилаб берувчи “Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси”ни алоҳида таъкидлаш жоиз. Мазкур концепциянинг мақсадли кўрсаткичларида 2030 йилга келиб Ўзбекистон PISA рейтингида топ 30 илғор давлат қаторидан ўрин олиши белгиланган.
Пандемия шароитида 2019-2020 ўқув йили “online-maktab” лойиҳаси орқали 3 телеканалда видеодарсларни намойиш қилиш билан якунланди. Лойиҳа доирасида 210 ўқитувчини жалб қилган ҳолда 3904 видеодарс тасвирга олинди.
Онлайн дарсларнинг сифати ва самарасини аниқлаш мақсадида ўтказилган ижтимоий сўровномада 40 мингдан ортиқ ота-она иштирок этди ва 78 фоиз иштирокчилар видеодарслардан қониққанликларини эътироф этган.
Шунингдек, 7, 8, 9-синфлар учун тасвирга олинган телевизион дарсларда ўқувчиларнинг функционал саводхонлигини ривожлантириш, PISA формати билан таништириш мақсадида PISA топшириқларидан ҳам фойдаланилди.
Шу билан бирга, ёзги таътил даврида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида 2020 йил 15 июндан бошлаб, “Онлайн тўгарак” лойиҳаси доирасида 610 та (шундан 305 та ўзбек 305 та рус тилларида) видеомашғулотлар тасвирга олинди ва эфирга бериб борилмоқда.
Фан ўқитувчиларини янги ўқув йилига тайёрлаш мақсадида улар учун қисқа муддатли “Онлайн касбий ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 574 та видеодарс тасвирга олинди. Шундан 60 таси халқаро тадқиқотлар юзасидан бўлиб, 6 соатига Таълим инспекцияси ҳузуридаги Миллий марказ ходимлари ҳам жалб этилди.
Ўқувчилар билими, давомати мониторингини автоматлаштириш мақсадида электрон журнал “Кундалик” платформаси тажриба-синовдан ўтказилиб, Тошкент шаҳрида қоғоз журналлар бекор қилинди.
Ўқувчиларнинг ўзи қизиққан фанларни чуқур ўрганишига шароит яратиш мақсадида битирувчи синфларда (10-11-синфлар) вариатив ўқув режалар 5 та йўналишда тажриба-синовдан ўтказилди. Жорий ўқув йилидан бошлаб тўлиқ амалиётга жорий этилмоқда.
Хусусий мактаблар фаолиятини лицензиялаш соддалаштирилиши ҳамда уларга шаҳодатнома ва аттетстатларни бериш ҳуқуқи берилиши натижасида нодавлат умумтаълим муассасалари сони 6 баробарга ошди. Улар ҳозир 137 тага етди.
АҚШ халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) 50 миллион АҚШ доллар гранти маблағлари ҳисобига бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш саводхонлиги (EGRA) ва математик саводхонлигини (EGMA) баҳолаш, барча инглиз тили ўқитувчиларининг тил билиш даражасини баҳолаш ва уларнинг малакасини ошириш (English Speaking Nation лойиҳаси), ахборот технологияларини ўқитиш бўйича дастурлар ҳамда ўқув қўлланмаларини такомиллаштириш (IT Nation лойиҳаси) лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда инсон капиталини ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамжамиятда сифатли таълимни таъминлаш йўлида келгусида амалга оширадиган вазифаларимизни белгилаб олганмиз. Илғор хорижий тажрибалар ва халқаро баҳолаш дастурлари талабларини ўрганган ҳолда умумий ўрта таълимнинг Миллий ўқув дастури лойиҳаси тайёрланади ва босиқичма-босқич амалиётга жорий этилади. Шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб 11 йўналишдан иборат вариатив ўқув режаларини тажриба-синовдан ўтказиш амалга оширилади.
Янги давр педагогларини тарбиялаш, педагогика таълими соҳасида юксак маҳоратли, халқаро тажриба ва методикаларни мукаммал ўзлаштирган мутахассисларни тайёрлаш мақсадида чет эл ҳамкорлар билан биргаликда Халқ таълими вазирлиги тасарруфида “Tashkent International University of Education” нодавлат олий таълим муассасаси ташкил этилади.