English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шерзод Хўжаев: Янги йил кунлари электр энергиясида узилишлар бўлмайди
16:37 / 2022-12-09

Шу кунларда электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш борасида юзага келаётган ҳолатлар бўйича энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев қуйидагиларни маълум қилди:

–Мамлакатимизда етарли миқдордаги табиий газ импорти йўлга қўйилса, иссиқлик электр станциялари белгиланган режа асосида етарли миқдорда электр энергиясини ишлаб чиқариб, истеъмолчилар тўлиқ таъминланади. Аҳоли хонадонларидаги газ босими билан боғлиқ муаммолар ҳам ечилади.

Метан газ қуйиш шохобчаларига келадиган бўлсак, аҳоли газ тармоқларига уланган шохобчалар барибир маълум график асосида ишлаши керак. Сабаби совуқ кунларда кечки пайт овқат пишириш жараёнига салбий таъсир кўрсатмаслиги лозим. Аммо саноат коллекторлари орқали алоҳида қувур тортиб келган шохобчаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мумкин.

Ўз навбатида, шуни таъкидлаш керакки, табиий газ ва электр энергияси учун тарифларни қайта кўриб чиқиш жараёнида, экспертлар томонидан базавий тарифларни ўзгаришсиз қолдириб, маълум бир миқдордан кўпроқ истеъмол қилинган ҳолатларда унинг нархини кескин ошириш бўйича таклифлар берилган. Ҳозирги кунда мазкур таклифлар ҳукумат томонидан кўриб чиқилмоқда.

Ҳозирги кунда иссиқлик электр станцияларига етарли миқдорда табиий газ етказиб беришнинг имкони бўлмагани туфайли захира ёқилғиси сифатида мазутдан фойдаланилмоқда. Мазут эса хориждан экспорт қилинади. Мазут орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясининг таннархи — 1,500 сўм атрофида. Лекин аҳолига сотилаётган нарх – 295 сўм. Орада юзага келаётган фарқни эса давлат томонидан иссиқлик электр станцияларига субсидия бериш орқали қоплаб берилади.

Байрам кунларига келсак, хусусан, Янги йил байрамида электр энергиясига бўлган талаб сезиларли даражада пасаяди. Чунки таълим муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари ўз фаолиятини вақтинча тўхтатади. Бу орқали мавжуд электр энергиясининг асосий қисми аҳолига ва айрим ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилади. Ўйлайманки, Янги йил байрамида электр бўйича муаммолар юзага келмайди.

Агар жойларда авариявий ҳолатлар юзага келадиган бўлса, туну кун ишлайдиган ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган ва ҳар қандай локал муаммолар тезкорлик билан бартараф этилади.

ЎзА