Куз-қиш мавсуми энергетиклар учун анча синовли давр бўлади. Қолаверса, шу кунларда электр энергияси таъминотидаги чекловлар ҳам аҳолига ноқулайликлар туғдирмоқда. Бундай чекловлар эса асосан қишлоқлар зиммасига тушаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида электр энергияси таъминотидаги узилишларга мутасадди раҳбарлар томонидан изоҳ берилди.
Унда энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев бу каби ҳолатларга таҳлиллар асосида жавоб берар экан, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш бугуннинг энг долзарб масалаларидан эканини таъкидлади.

– Куз-қиш мавсуми бошланган буён таъминотдаги юзага келган муаммолар, узилишлар ва у билан боғлиқ юзага келган ҳолатлар бўйича аҳоли орасида пайдо бўлаётган саволларга аниқ жавоб беришни мақсад қилганмиз. Бугунги кунда электр таъминотидаги узилишларнинг кўлами ҳақида ижтимоий тармоқларда баҳслар бўляпти.
Айтиш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистондаги ички эҳтиёжни қоплаш учун кунлик 230-232 миллион киловатт соат электр энергияси ресурси мавжуд. Унинг бир қисми ўзимизда ишлаб чиқарилса, бир қисми ташқаридан импорт қилинади. Хўш, ҳақиқий талаб қанча? Ҳақиқий талабни қондириш учун яна қанча қўшимча электр энергияси керак, деган савол долзарб. Ҳисоб-китоб ва аввалги йиллардаги вазиятлардан келиб чиққан ҳолда прогнозга кўра, ноябрь ойининг шу кеча-кундузида электр энергиясига бўлган ҳақиқий эҳтиёж 245 миллион киловатт соатни ташкил этади. Бизда 15 миллион киловатт соат ҳақиқий эҳтиёжни қоплаш билан етказиб берилаётган ресурс ўртасида тафовут бор.

Худди шундай тафовут табиий газда ҳам бор. Хўш, 245 миллион киловатт соат кўпми ёки кам? Охирги уч-тўрт кунни оладиган бўлсак, кўчада 10-12 даража иссиқ бўлгани ҳолда Фарғона водийсида электр энергияси истеъмоли ўтган йилдаги қиш кунининг энг совуқ кунлари билан тенглашди. Бу нимадан далолат беради? Бу электр энергияси ёки табиий газ бўлсин, ҳар қандай энергия ресурс ишлаб чиқаришни ошириш билан талабни ҳеч қачон тўлиқ қондириб бўлмайди. Ривожланган мамлакатлар – Япония, Корея Республикаси, БАА, Саудия Арабистонида энергия ресурслари бир қарашда чексиздай туюлади, аммо ушбу давлатларда ҳам ресурслардан оқилона фойдаланиш ва тежаш умуммиллий ғояга айланган. Негаки, бу ресурслар чексиз эмас. Электр энергиясини қанчалик кўп ишлаб чиқармайлик, бизга инъом этилган захирани камайтириб бораверамиз. Натижада бу ресурларни келажак авлодга кам қолдиришга тўғри келади.
Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, мамлакатимизда бино- иншооотларни иситишга, ёритишга сарфланадиган энергия миқдори ривожланган давлатлардан уч баравар кўп. Бир квадрат метрга тўғри келадиган сарф уч баравар кўп. Вазирлик ва унинг тизимидаги корхоналар бугунги кунда юзага келган ҳолатни фақат беҳуда исроф билан изоҳламоқчи эмас.
Бизнинг тайёргарлигимиз, прогнозларимиз, кўп йиллик амалга оширган лойиҳаларимизда анча-мунча хатолар, камчиликлар бор. Ишлаб чиқариш кўрсаткичларини бажара олмаган пайтимиз ҳам бўлган. Лекин бугун йиғилишимиздан мақсад нега биз бундай ҳолатга етиб келдик эмас, балки нима қилсак, шу ҳолатни яхшилашимиз мумкин, вазият ўнгланадию аҳоли биздан рози бўлади, деган саволга жавоб топиш учун йиғилдик, – деди Ш.Хўжаев.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
ёзиб олди