Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шерзод Хўжаев: Газни экспорт қилиш ёки ички бозорга йўналтириш "Ўзтрансгаз" АЖ томонидан белгиланади
17:05 / 2022-12-09

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев энергия ресурслари тақчиллиги бўйича ҳам ўз муносабатини билдирди.

–Бугунги кунда хорижий ёки қўшма компаниялар томонидан қазиб олинаётган газ — тўлиқ ички истеъмолга йўналтириляпти, – деди Ш.Хўжаев.– Ушбу газни экспорт қилиш ёки ички бозорга йўналтириш хорижий ёки қўшма корхоналар томонидан эмас, балки "Ўзтрансгаз" АЖ томонидан белгиланади.

Шунингдек, бугунги кунда чекка-чекка ҳудудларни кўмир билан таъминлаш ва кўмир нархининг сунъий ошишига қарши чоралар кўрилади.

Биринчи навбатда, чекка ҳудудларни кўмир билан таъминлаш борасида Президентимиз ва Ҳукумат томонидан тегишли топшириқлар берилган. Бу жараённи Бош прокуратура алоҳида назорат қилади.

Нарх-навонинг асоссиз ошишига келадиган бўлсак, вазиятдан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилаётган шахслар ҳам бор. Уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган энг кучли чоралар кўриляпти. Ангрендаги кўмир конида ишлаб чиқарилаётган кўмирнинг бир тоннасининг нархи – 300 минг 300 сўмни ташкил этади.

Шу билан бир қаторда, Ангрен кўмир конида ишлаб чиқарилиб, вагонга ортилган ҳар бир кўмирнинг сифати назорат қилинади. Бу ерда ҳам прокуратура органлари билан назорат тўлиқ йўлга қўйилган.

Аммо таъкидлаш жоизки, ис гази билан боғлиқ муаммолар кўмирнинг сифати ёки қайси конда ишлаб чиқарилганига боғлиқ эмас, балки печларнинг нотўғри эксплуатация қилиниши натижасида юзага келмоқда. Содда қилиб айтганда, хоҳ Ангрен кўмир бўлсин, хоҳ импорт қилинган кўмир — печ нотўғри ишлатилса, ис гази пайдо бўлаверади.

ЎзА