Президент Шавкат Мирзиёев 15 март куни Қашқадарё вилоятида ҳамда электр энергияси тармоғида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Тақдимот давомида давлатимиз раҳбарига вилоятда ичимлик сув таъминотида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятовнинг бу ҳақдаги фикрларини ёзиб олди.
– Статистикага кўра, Қашқадарё вилоятида 58 фоиз аҳоли ичимлик суви билан таъминланган деб келинар эди. Бу ҳақда Президентимизга ўтган йил ноябрь ойида вилоятга ташрифи чоғида тақдимот қилинганди. Ўшанда давлатимиз раҳбари ичимлик сув таъминоти масаласини қаттиқ танқид қилиб, аҳволни ўрганиш ва яхшилаш бўйича топшириқ берганди.
Вилоят маркази Қарши шаҳрида ўша пайти ҳам аҳолига эрталаб ва кечқурун икки соатдан сув бериларди. Президент топшириғидан сўнг бу масала чуқур ўрганилди. Мутахассис бўлмагани, ишга совуққон қарагани ва масъулиятсизлиги сабаб соҳадаги раҳбарлар алмаштирилди. Улар ўрнига малакали кадрлар қўйилди, ёндашув ўзгарди. Натижада бугун шаҳарнинг бешта кичик туманига ичимлик суви узлуксиз етказиб бериляпти.
Ииккинчи масала, илгари вилоятда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиши 58 фоиз деб келинганини айтдик. Маҳаллабай ўрганишларда бу аслида 37 фоиз экани маълум бўлди. Яъни вилоятдаги жами 771 та маҳалланинг 342 таси ичимлик сув билан таъминланмаган, 292 тасида қисман сув бор, 137 маҳалла марказлашган тармоқдан сув олади.
Буни аҳоли сонига нисбатан айтадиган бўлсак, вилоятда жами 3 миллион 316 минг 500 фуқаро яшаса, шундан 1 миллион 225 минг 566 нафари сув билан таъминланган.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан Қашқадарёда аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида вилоятнинг гидрогеологик харитаси ишлаб чиқилди. Унда ер ости сувлари ресурслари ва тасдиқланган захиралари акс этган. Эндиликда шу асосда туманлар ва маҳаллалар кесимида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун махсус қудуқлар, сув тозаловчи ва етказиб берувчи ускуналар ўрнатилишини белгилаб, таклифлар тайёрлаймиз.
Вилоятда биринчи босқичда 1 триллион 340 миллиард сўм маблағ сарфлаб, ичимлик сув таъминотини 79 фоизга етказиш режалаштирилган. Бунда биринчи навбатда ичимлик сув етиб бормаган маҳаллалар эътиборга олинади. Жорий йилда бунинг учун 700 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Биз Қашқадарё мисолида бутун республикада аҳолининг ичимлик сувга бўлган эҳтиёжини ўрганиб чиқаяпмиз. Бу 15 кун ичида якунланади.
Президентга бу борадаги ишлар тақдимотини қилдик. Энди мутахассислар билан ташкилий ишларни амалга оширамиз. Албатта, жорий йилнинг ўзида 79 фоиз аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш қийин. Шундай бўлса-да, асосий ишларни 65 фоизга бажаришни мўлжаллаяпмиз. 2022 йилда қолган босқичлардаги ишлар амалга оширилса, Қашқадарёда аҳолини ичимлик сув билан таъминлашда кутилган натижаларга эришилади.
ЎзА