English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шерзод Асадов: Ўтган ҳафтанинг муҳим воқеаси Олмалиққа ташриф бўлди
12:39 / 2021-08-02

Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев 29 июль куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг “Ёшлик-1” конини бориб кўрди.

У ерда қарийб 5 миллиард долларлик мегалойиҳа амалга оширилмоқда.

Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов мазкур ташриф якунлари ҳақида қуйидагиларни маълум қилди:

– Биринчидан, “Ёшлик-1” конидан йилига 65 миллион тонна маъдан қазиб олинади. Иккинчидан, йилига 60 миллион тонна мис-молибден рудасини қайта ишловчи мис бойитиш фабрикаси қурилади. Учинчидан, 360 минг тонна қувватга эга оҳак заводи, тўртинчидан эса 650 мегаваттли электр тармоғи ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этилади.

Давлатимиз раҳбари аввал кондаги қазиш ишларини кўздан кечирди. Кейин Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг  3-мис бойитиш фабрикаси қурилишини бошлаб бердилар.

Бу корхона шуниси билан истиқболлики, бутун дунёда мисга  бўлган талаб жуда тез ошиб бормоқда. Шу йилнинг ўзида мис нархлари 25 фоизгача ошган. 2030 йилга бориб мис маҳсулотларига бўлган эҳтиёж камида 40 фоизга ортиши прогноз қилинган. Шунинг учун экспертлар “мис XXI аср нефти бўлади” дейишмоқда.  

“Ёшлик-1” конида эса мис захираси 45 миллион тонна, олтин захираси 5 минг тоннадан зиёд экани аниқланган. Бугунги нархлар бўйича бу, мос равишда, 400 миллиард ва 300 миллиард доллардир. Янаям бу ҳозирги нархда ва хомашё шаклида.

Лекин давлатимиз раҳбари мисни хомашё ҳолида эмас, қайта ишланган маҳсулот қилиб сотиш талабини қўймоқда.

Қиймати 2 миллиард доллар бўлган мис бойитиш фабрикаси тўлиқ қувватда ишга туширилиши натижасида 2028 йилга бориб Олмалиқ комбинати йилига 400 минг тонна мис, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш ишлаб чиқаради. Ўзбекистон мис маҳсулотларининг энг катта экспортёрларидан бирига айланади.  

Шуларни ҳисобга олиб, ўша куни барчамиз тарихий воқеа, Президентимиз айтганларидек, инқилобий қадамнинг гувоҳи бўлдик, деб ҳеч муболағасиз айта оламиз.

ЎзА