Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судининг 2018 йил 26 январдаги суд буйруғи билан шу туманда яшовчи қарздор Б.Жумаевга вояга етмаган икки фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлаш мажбурияти юклатилган.
Бироқ қарздор ота жигаргўшаларига алимент тўлашдан қочиб юргани учун 2021 йил 21 ноябрда қидирув эълон қилиниб, Бюронинг вилоят бошқармаси ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида қидирув ишларига киришилди.
Олиб борилган тезкор қидирув натижасида алиментчи ота Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги Янги ҳаёт маҳалласидан топилиб, фарзандлари олдидаги қарзини тўлашдан бош тортгани сабабли тегишли ҳужжатлар судга тақдим этилди.
Очиқ суд мажлисида қарздор ота вояга етмаган икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа барча ишлаб топган даромадларининг учдан бир қисми миқдорида алимент тўлаши лозим бўлса-да, 2020 йилнинг биринчи мартидан 2022 йил биринчи март кунига қадар 10 миллион сўм алимент қарзини тўлашдан бўйин товлагани аниқланди. Унинг вояга етмаган, моддий ёрдамга муҳтож фарзандлари тақдирига бефарқ бўлиб келгани маълум бўлди.
Амалдаги қонунларга мувофиқ, мажбуриятини унутган отага тегишли чора кўрилди. Суд қарори билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди. Ота керак бўлса, бир куни бола топиб олади, деган хомхаёл билан қўшни вилоятда яшириниб юрган Б.Жумаевга тайинланган бу жазо чораси уни алимент қарздорлигидан озод этмайди.
Улуғбек Хайдаров,
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси инспектори.
ЎзА