Термиз шаҳрида “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!”, деб номланган бош ғоя асосида ўтказилган “Наврўз” умумхалқ байрами доирасида Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида катта кураш мусобақаси ташкил этилди.
Миллий қадрият ва анъаналаримиз кенг намойиш этилган беллашувда воҳа Барчинойлари 63 ва +63 килограмм, Алпомишлар эса 66, 81 ва мутлақ вазн тоифасида гиламга тушди. Қизлар ўртасидаги баҳсларда 63 килограмм ва 63 килограммдан ортиқ вазн тоифаларида фахрли биринчи ўринни Термиз шаҳрилик Тилло Хонимқулова ҳамда Шоҳиста Назаровалар қўлга киритди.


Эркаклар ўртасида 66 килограмм вазн тоифасида биринчи ўрин Денов туманидан Сардор Хуррамовга, 81 килограмм вазн тоифасида Термиз туманилик Бобур Янгибоевга насиб этди. Мутлақ вазн тоифасида биринчи ўринни вилоят ички ишлар бошқармаси ходими Шермуҳаммад Жангриев, иккинчи ўринни Шўрчи туманидан Бекмурод Олтибоевлар эгаллади. Иккита учинчи ўринга сариосиёлик Муҳсин Ҳисомиддинов ва шерободлик Муҳаммадкарим Хуррамов сазовор бўлди.
Мусобақа ғолиблари қимматбаҳо совринлар билан тақдирланди.


Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири