МИБ Сурхондарё вилояти Шеробод туман бўлими иш юритувига қабул қилинган ижро ҳужжатларидан бирида тумандаги “Шеробод текстиль инвест” масъулияти чекланган жамияти 70 нафар ишчи ходимнинг 162 миллион 681 минг сўм миқдоридаги иш ҳақини ўз вақтида тўлаб бермагани қайд этилган эди.
Мазкур ҳужжатни иш юритувга қабул қилган давлат ижрочилари белгиланган тартибда мажбурий ижро ҳаракатларини амалга ошириб, қарздор корхонанинг барча банк ҳисоб рақамларига банд солди. Шунингдек, қарздорга тегишли кўчмас мулк, битта енгил автотранспорт ҳамда иккита махсус техника воситасига нисбатан тақиқ қўйилди.
– Бош қомусимизда ҳар бир ходимнинг меҳнати учун камситишларсиз ва адолатли шароитларда ҳақ олиш ҳуқуқи белгиланган, – дейди МИБ вилоят бошқармаси катта инспектори Қобилжон Турсунов. – Бироқ амалиётда иш берувчи томонидан белгиланган иш ҳақининг ўз вақтида тўланмаслик ҳолатлари ҳам учраб туради. Айниқса, иш берувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасида белгиланган иш ҳақини ўз вақтида тўламаган тақдирда бу ишчи-ходимнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлади. “Шеробод текстиль инвест” масъулияти чекланган жамияти билан ҳам ана шундай ҳолат юз берди.
Давлат ижрочиларининг саъй-ҳаракатлари билан қарздор корхонанинг ойлик маошларини ўз вақтида ололмаган 70 нафар ишчи-ходимга суднинг тегишли ижро ҳужжати асосида иш ҳақи тўлиқ ундириб берилди.
Эргаш Бегимқулов корхонада иқтисодчи вазифасида ишлаган. У билан тузилган меҳнат шартномасига мувофиқ белгиланган бир неча ойлик иш ҳақи тўлаб берилмаган.
– Суднинг тегишли ҳужжатига асосан давлат ижрочиларининг аралашуви билан адолат қарор топди, – дейди Э.Бегимқулов. – Тўланмаган меҳнат ҳақимизни тўлиқ олдик. Ҳалол меҳнатимиз эвазига ҳисобланган ойлик маошларимиз, яъни оилаларимиз ризқини ундириб берган ходимлардан миннатдормиз.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири