Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шеробод “Анор фестивали”га тайёр
10:06 / 2022-10-04

Сурхондарё вилояти Шеробод туманида эртага – 5 октябрь куни “Ўзбекистон анорчилар куни” республика фестивали ўтказилади.

Европа Иттифоқи комиссияси, Жаҳон банки, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Анорчилар ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган тадбирда хорижлик ва маҳаллий мутахассислар, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан анор етиштирувчилар иштирок этади.

Фестивални юксак савияда ўтказиш учун алоҳида тайёргарлик кўрилди. Шеробод туманидаги “SHerobod Anor Impex” масъулияти чекланган жамияти ҳудудида мамлакатимизда етиштириладиган анор кўргазмаларини ташкил этиш, замонавий янги корхонанинг иш жараёнлари билан танишиш, “Ўзбекистонда анор етиштириш ва уни қайта ишлаш истиқболлари” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказиш учун барча шароитлар муҳайё этилди. Шерободда анор парваришлайдиган энг тажрибали боғбонларнинг иш усуллари билан яқиндан таништириш, юртимизнинг турли ҳудудларидан келган меҳмонларнинг ўзаро тажриба алмашиши учун ҳам зарур қулайлик яратилди. 

“Мевалар қироли”, “Минг дардга даво”, “Жаннат меваси” каби тарифлар билан улуғланадиган анорнинг жаҳонда 500 дан ортиқ тури парваришланади. Ўзбекистонда эса 30 дан ортиқ нави етиштирилмоқда. Шифобахш хусусиятлари билан аҳамиятли бўлган анорнинг пўсти, илдизи, гули, донаги ва баргларидан ҳам турли касалликларни даволашда фойдаланилган. Мутахассисларнинг айтишича, биргина пўсти организмни заҳарловчи кўплаб бактериялар ва инфекцияларни даволашда яхши самара беради. Пўстлоғининг тиндирмаси билан ичак яралари, дизентерия, дисбактериоз, гижжа, вабо, қорин тифи каби кўплаб касалликларни даволаш мумкин. Косметологияда кенг қўлланиладиган анор донаги ёғи кучли вирусларни ҳам йўқ қилиш хусусиятига эга. Холестерин тромблари пайдо бўлишининг олдини олади. Қондаги қанд миқдорини бир меъёрда ушлаб туришга кўмаклашади. Шу боис ҳам қандли диабетга чалинган беморларга анор мойини истеъмол қилиш тавсия этилади.

–“Мевалар қироли” нинг шифобахш, фойдали тарафлари ҳақида жуда кўп гапириш мумкин, – дейди Ўзбекистон Анорчилар ассоциацияси раиси Мастура Сайфитдинова.– Хорижликлар иштирокида илк марта ташкил этилаётган мазкур фестиваль эса мамлакатимизда анор етиштирувчи тадбиркор ва боғбонларни ягона мақсад йўлида бирлаштириш, ўзаро тажриба алмашиши, анорчиликнинг истиқболлари ва соҳада юз бераётган ўзгаришлар билан яқиндан таниши учун қулай имконият бўлади. Шу боис фестивални анор етиштирувчилар учун байрамона руҳда ўтказиш чора-тадбирларини белгилаб, барча тайёргарлик ишларини шу асосда ташкил этдик. 

Шеробод тумани тупроғи, иқлими ва суви билан ҳам анор етиштириш учун қулай муҳитга эга. Айни пайтда деҳқон ва фермер хўжаликлари қарийб минг гектар, аҳоли томорқасида эса 3 минг 400 гектардан ортиқ майдонда анор парваришланмоқда. Ўтган йилнинг ўзида яна 1 минг 200 гектардан зиёд майдонда янги анорзорлар барпо этилди. “SHerobod Anor Impex” масъулияти чекланган жамияти бир миллион доллар маблағ эвазига анор мевасини саралаб қадоқлайдиган ва табиий шарбат ишлаб чиқарадиган замонавий корхона бунёд этди.

Воҳада фестиваль меҳмонларини кутиб олиш, жойлаштириш ва сифатли хизматлар кўрсатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

–Меҳмонлар учун Термиз шаҳри ва Шеробод туманида ўнга яқин меҳмонхона тахт қилиб қўйилди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича вилоят ташкилий қўмитаси раиси ўринбосари Жўрабек Тўраев.– Сифатли хизматлар кўрсатиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Фестиваль ўтказиладиган ҳудудлар харитаси ишлаб чиқилиб, катта экранлар ўрнатилди. “Wi-Fi” нуқталари ташкил этилди. Иштирокчиларнинг бўш вақтида воҳадаги тарихий обидаларни зиёрат қилиши, археологик ёдгорликлар ва бошқа диққатга сазовор жойлар билан яқиндан танишиши учун ҳам барча шароит мавжуд.

Фестиваль доирасида “Энг мазали анор нави”, “Энг катта анор”, “Энг мазали анор шарбати”, “Энг чиройли тозаланган анор” каби номинациялар бўйича кўрик-танлов ташкил этилиб, ғолиблар муносиб рағбатлантирилади. Санъаткорларнинг концерт дастури намойиш этилади.

 Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, 

ЎзА мухбири