Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2024 йил 28 июнь куни бўлиб ўтган фаол ва ташаббускор ёшлар билан ўтказилган учрашув видеоселекторда ёш шоирлар ижодини кенг тарғиб қилиш, китобхонлик маданиятини ошириш, ёшлар маънавиятини янада юксалтириш учун кўчма “Шеърият театри” лойиҳасини яратиш вазифаси белгиланган эди.
Шу муносабат билан мазкур кўчма “Шеърият театри”нинг илк репертуари юзага келди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида Ватанга меҳр-муҳаббат, тинч ва осойишта кунларимизга шукроналик, улуғ аждодларимиздан мерос, миллий қадриятларимизга ҳурмат, ёшларимиз камолотига ишонч туйғулари акс этган янги драма яратилди.

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театрида саҳналаштирилган ушбу асар таниқли адиб ва драматург Қўчқор Норқобил қаламига мансуб. “Шеъриятнинг мангу садоси” деб номланган бу саҳна асарини театрнинг бош режиссёри Достон Ҳақбердиев саҳналаштирган. Ғоя муаллифи – Ботиржон Эргашев. Бадиий раҳбар – Санобар Қулмирзаева.
Aсарда Ўзбекистон халқ шоирлари Эркин Воҳидов, Aбдулла Орипов, Усмон Aзим, Сирожиддин Саййид ҳамда Фарида Aфрўз, Хосият Рустамова ва бошқа таниқли шоирларнинг шеърлари янгради. Дастурдан мамлакатимизнинг ёш истеъдодли шоирлари Дадахон Муҳаммадиев, Бегали Эшонқулов, Ситора Шомуродова, Ислом Қўчқоров, Муҳаммадали Ғаффоров, Нуриддин Расулов, Гулҳаё Ўролова, Ситора Наимжонова, Умид Қодиров каби ижодкорларнинг чиқишлари мухлислар томонидан алоҳида эътибор билан кутиб олинди.
Адабий спектаклда ролларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаров, "Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Маъсуда Отажонова, “Шуҳрат" медали соҳиблари Расулхон Қодирхонов, Инобат Умирова ҳамда қатор маҳоратли актёрлар ижро этди.
Саҳнавий талқинларга уйғун пластик ҳаракатлар театрнинг балет артистлари томонидан намойиш этилди. Шеъриятимизга бағишланган спектакль томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири