Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида мазкур ижодий ташкилот аъзоси, шоир Рустам Мирвоҳиднинг "Сенингдирман" номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажидов, Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров ва бошқалар Рустам Мирвоҳид ўз ижод йўли, ўз овозига, услубига эга бўлган ижодкор эканини таъкидлади.
Дарҳақиқат, Рустам Мирвоҳид шеърларида жозиба, ўзига хос оҳанрабо бор. Ватан, табиат, халқ, муҳаббат мавзуларида ёзган ғазал ва шеърлари ўқувчини мушоҳадага чорлайди. Шоир ижодида мумтоз адабиёт анъаналаридан бориш, қўҳна қадриятларга содиқлик яққол кўзга ташланади.
—Шоирнинг кинояси шеърларида яхши оҳанг топди, дардларга посанги бўлди, — деди Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос олим, устоз ижодкор Иброҳим Ғафуров. — Унинг ажиб кинояси гўё зулмат дунёсига ўткир, кўзни қамаштирадиган эшик очади. Кейинги вақтларда ёзган шеърлари унинг жуда катта ижодий изланишлари натижасидир.
"Сенингдирман" тўпламини ўқиган китобхон кўзи ўнгида Рустам Мирвоҳид тўғрисўз шоир сифатида гавдаланади. Ижодкор шеърларининг мавзу кўлами ҳам жуда кенг.
Китобдан "Она ва Ватан меҳри", "Онанинг кўзи учса", "Ғойибона", "Дилим сози", "Муҳаббат" каби шеърлари ҳамда Александр Сергеевич Пушкин, Якуб Колас, Сергей Есенин ижодидан қатор таржималар ўрин олган.
Тадбирда сўзга чиққанлар шоирнинг ижодий фаолияти ва янги тўплами юзасидан фикр билдирдилар. Йиғилганларга "Сенингдирман" китоби туҳфа этилди.
[gallery-12428]
Айтиш керакки, Рустам Мирвоҳид 1987 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 2007 йилда Тошкент давлат шарқшунослик институти - ҳозирги Тошкент давлат шарқшунослик университетини тамомлаган. "Биринчи китобим" лойиҳаси доирасида "Бу — ошиқ сўзим" номли китоби чоп этилди. Шунингдек, "То қуёш сочгайки нур: Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижоди замондошлари нигоҳида", "Баҳрдан баҳралар" , "Дил қуёши" номли китоблари нашрдан чиқди.
Н.Усмонова,
Ойбек Пардаев(сурат), ЎзА