Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шеърият ва журналистика орасидаги умр
14:45 / 2025-09-17

Надимий авлоди Зуҳра Алиева билан суҳбат

Ижод ва меҳнатни уйғун олиб бориш, шеърият билан журналистикани чамбарчас боғлаб яшаш осон эмас. “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси, “Қува ҳаёти” газетаси бош муҳаррири, шоира Зуҳра Алиева билан водийдаги адабий муҳит, ёш ижодкорлар ҳақидаги мулоҳазалар ҳамда шахсий хотиралари хусусида самимий суҳбат қурдик.

—Зуҳра опа, суҳбатимизни бугунги кунда водийдаги ижодий муҳит ҳақидаги кузатиш ҳамда мулоҳазаларингиз билан бошласак. Бугун водийдаги адабий муҳит қандай? Ёшлар шеър ёзяптими, шеър тинглашяптими?

— Водийдаги ижодий муҳитга бўлган кузатишларим битта суҳбатга сиғмайди. Сабаби, Фарғонада катта устоз ижодкорлар яшаган.  Ўзбекистонга машҳур ёзувчилар, буюк алломалар юрти Фарғонада бугунги адабий муҳит янада ривожланган. Айниқса, Президентимизнинг ижодкорларга бўлган эътибори, 2017 йил 3 августдаги зиёлилар билан бўлган учрашувда кўрсатган рағбатлари туфайли шоир ва ёзувчилар завқ билан ижод қилишяпти.

Бугунги кунда водийда яхши бир анъана йўлга қўйилди — Андижон, Фарғона, наманганлик ижодкорлар ҳар ойда бир марта тўпланиб, “Дилкаш давралар” деган ижодий суҳбатни ташкил қилишяпти. Бу суҳбат дам Андижон, Фарғонада, дам Наманганда давом этяпти. 

Яқиндагина риштонлик машҳур уста кулол Тоҳир Ҳайдаровнинг устахонасида учрашиб, шеърхонлик қилдик, китоблар тақдимотини ўтказдик. Ёш ижодкорларнинг янги чоп этилган китобларига фикрларимизни билдирдик.

Анъаналар давом этиб, октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Фарғонада катта адабий байрам бўлиб ўтади. Бу байрамда вилоятлардан, қолаверса, пойтахтлик таниқли ижодкорлар иштирок этиши кўзда тутилган. Адабий байрам давомида Муқимий домланинг 170 йиллиги, Ҳўқандийнинг 170 йиллиги, Зохирийнинг 340, Чархийнинг 125 йиллиги кенг нишонланади. Шунингдек, устозимиз Охунжон Ҳакимов ва Йўлдош Сулаймоннинг 90 йилликлари, Аъзам Ўктамнинг 65 йиллиги, Ғулом Фатхиддиннинг 70 йиллиги ҳам нишонланади. Уларнинг хотиралари ёдга олинади.

Замондошимиз, ҳассос шоира Мақсуда Эгамбердиеванинг ҳам 70 йиллиги шу кунларда нишонланади. Таниқли шоира Малика Мирзо, устозимиз  Йўлдош Солижоновнинг 85 йиллик юбилейлари муносабати билан уларнинг “Фарғона адиблари” ҳамда “Ҳаёт бизни кузатар” номли китоблари уюшма ҳомийлигида чоп этилди. 

Ёшлар масаласига келсак, бугун улар ижодда жуда фаол. Шогирдларимнинг шеърларини ўқиб қувонаман. Уларнинг шеърий руҳи жуда гўзал, овозлари баланд. Яқинда уларнинг ижод намуналари киритилган “Болалар адабиёти антологияси” номли китобнинг чоп этилиши ҳам фикримизнинг исботидир.

Албатта, буларнинг барчаси ёшларнинг шеър ўқиётгани, ёзаётгани ва тинглаётганининг маҳсули, деб биламан.

Биргина мисол, Қува туманида шоир Надимий бобомиз номидаги адабий-ижодий тўгарак бор. Унда 50 нафарга яқин ёш ижодкорлар ижод сир-асрорларини ўрганишади, бир-бирлари билан тажриба алмашишади. Шунингдек, Марғилонда “Увайсий”, Учкўприкда “Ҳазиний”, вилоят ёзувчилар уюшмаси қошида “Олтин қалам” ижодий тўгараклари фаолият олиб боряпти. Ушбу тўгаракларга қатнашган ижодкорлар ўзларининг адабиётдаги ўрнини топишга интилишяпти. Уларга тажрибали, салоҳиятли устозлар билим бериб келяпти. Ёшларимиздан хурсандман. Бу йил Зоминда бўлиб ўтган мушоирада 7 нафар фарғоналик ёшларимиз иштирок этиб, энг юқори натижаларга эришди. Уларнинг ижодлари республика миқёсидаги устозлар эътирофига сазовор бўлаётгани ҳам жуда қувончли.

— Ўзингиз водийнинг кўзга кўринган ижодкори сифати шеъриятдаги масъулиятингизни қандай ҳис қиласиз?

—Менинг  шеъриятга бўлган масъулиятим ҳақида гапирадиган бўлсам, аввало, шеърга ишқингиз тушиб қолдими, усиз яшолмайсиз. Айни дамда журналистика соҳасида ҳам фаолият юритиб, Қува тумани ҳокимлиги газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаяпман. Биласиз, журналист сифатида асосий вақтимиз газета саҳифаларини бойитиш, мақола ва очерклар тайёрлаб, қайноқ хабарларни чоп этишга кетади. Туман ҳокимлиги газетаси бўлгани сабабли барча соҳаларни қамраб олиб, ёритишга ҳаракат қиламиз. Лекин шеъриятни ташлаб қўйишни гуноҳ деб биламан.

 Кўплаб шеърларим қўшиқ бўлиб, республикамиздаги таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилди. Шу кунгача “Онам юрган кўчалар”, “Шамоллар қанотидаги гул”, “Қисмат” (қисса ва ҳикоялар), “Меҳрни соғиниб” каби шеърий тўпламларим чоп этилди. Яна кўплаб альманахларда, республика миқёсидаги журнал ҳамда газеталарда ижод намуналарим чоп этилиб туради. Бу ижодий ютуқларим, шеъриятга бефарқ бўлмаганимнинг натижаси бўлса керак.

— Ҳар бир ижодкор пойтахтда яшаб, ижод қилишни истайди. Сизда ҳам шундай истак ёки интилиш бўлганми? Ўзи аслида ижодкор танилиши учун жой ҳамда маконнинг аҳамияти қай даражада?

—Саволингиз ўринли. Ҳар бир ижодкор пойтахтда яшаб, ижод қилишни истайди.  Бу истак менда ҳам бўлган. Тақдир тақозоси билан пойтахтга келолмаганман. Кўплаб ижодкор тенгдошларим пойтахтга келиб, ижод қилишни бошлаганларида, устозимиз Турсуной Содиқова “Сен Тошкентда яшаб, ижод қилишинг керак”, деб чорлаган пайтлари бўлган.

 Лекин мен ёлғиз фарзанд бўлганим сабабли онамни, Қувани ташлаб пойтахтга келолмаганман. Бундан сираям афсусланмайман. Таниқли бўлиш учун пойтахтда яшаш шарт, деб ўйламайман. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзосиман. Айниқса, ҳеч эсимдан чиқмайдиган бир воқеа — 2019 йилнинг 7 март куни Президентимиз узоқ йиллик меҳнатларимни қадрлаб, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирладилар. Демоқчиманки, ижодкорга яшаб турган жойи муҳим эмас. Унинг ижоди, халқнинг тил учида турган гапни топиб айтиши муҳим, деб ўйлайман.

— Ижодкорни юқорига парвоз қилдирадиган, элга танитадиган –унинг илҳом париси. Илҳомсиз шеърлар шоирни қандай аҳволга солади?

— Илҳомсиз шеър ёзиш мумкинмикан? Аввало, одам ёзган шеъридан ўзи таъсирланиши керак шекилли. Ўзига ёқмаган шеърни элга тақдим қилиш қийин. Охирги пайтларда ким хоҳласа, китоб чиқариб қўяётган ҳолатлар ҳам кузатиляпти. Лекин савол туғилади: уларни ким ўқияпти? Китоб дўконларида сотилмай қолиб кетмаяптими? 

Шунинг учун ҳам шеър юракдан чиқмаса, шоир тарихни ҳам, бугунни ҳам ҳис қилмаса, у ҳақиқий ижод эмас. Илҳом келиб ёзилган шеър бутунлай бошқача бўлади. Қўлингизга қалам олиб, “ҳозир шеър ёзаман”, десангиз, ўз-ўзидан ёзилиб қолмайди. Илҳомсиз шеърни, мен шеър деб ҳисобламайман.

—Сиз буюк шоир, жадид бобомиз Турсунали Қаландар ҳожи ўғли Надимийнинг набирасисиз. У кишининг ҳаёти ва ижоди ҳақида болалигингиздан қандай хотиралар эшитиб ўсгансиз?

— Турсунали Қаландар ҳожи ўғли Надимийнинг набираси бўлиш мен учун ғоят фахрли. Надимий домла 1883 йили Фарғона вилояти, Қува тумани, Мозортаги қишлоғида туғилган. У ҳассос шоир, зўр хаттот ва мударрис бўлган. У кишининг беш нафар фарзандларидан кўплаб набиралари бор. Не бахтки, Надимий домланинг қаламлари менга мерос бўлиб қолган. 

1937 йил қатағон даврида кўплаб маърифатпарварлар каби Надимий домлани ҳам август ойида уйидан олиб, китоблар ва шеърларини “ашёвий далил” сифатида йиғиб, олиб кетишган. Бир ойдан кейин эса Андижонда яна тўққиз киши билан бирга қатл қилинган, деган хабар тарқалган экан.

Бу ҳақдаги хотираларни онам Саодатхон Турсунали қизидан, момом Ибодатхон отин, тоғаларим Муҳаммад Вали, Юнусали, Раҳимахон ва Момохон холамдан эшитганман. Шу хотиралар асосида “Надимий ким эди?” деган эсдалик китобини тайёрлаб қўйдим. Имкон бўлса, уни албатта, чоп эттирмоқчиман.

Надимий домла шеър билан нафас оларкан. Навоий, Бедил, Фузулий ғазалларини ёддан билган, овозлари ҳам жуда ширали бўлган. У киши ҳеч қачон фақат ўтириб ёзмас, йўлда, ҳаёт манзараларини кузатиш асносида бирданига ғазаллар битиб қўяверар эканлар. Масалан, ой юзини булут қоплаганини кўриб, “Ой жамолин кўргали муштоқ бўлдим ман ғариб”... каби сатрлар дарров дунёга келаркан. Шундай тезкор ва ҳозиржавоб шоир бўлганлар.

— Надимий домланинг мероси водий ёшлари учун қай даражада ибратли, деб ўйлайсиз?

— Надимий домланинг мероси водий ёшлари учун бебаҳо. Кўп асарлари сақланмаган бўлса-да, туркум ғазаллари, тўртликлари ва дастхатлари бизга етиб келган. Яқинда домланинг 140 йиллигини Қувада катта адабий кеча тарзида  нишонладик. Унда таниқли шоир ва ижодкорлар қатнашди. Халққа Надимийнинг кимлигини танитиш мақсадида ҳаётига доир саҳна кўринишлари тақдим этилди, ғазаллари ёшлар томонидан ифодали ўқилди. Энди асосий вазифа шоирнинг китобини чоп эттириш. Шунда халқ Надимийни янада яқиндан танийди. 

— Надимий домланинг ижодида сиз учун энг таъсирли мисра ёки ғоялар қайси?

—Надимий домланинг ғазаллари лирик ғазаллар. Муҳаббат, одамийлик, меҳр ҳақида. Яна ёшларга маърифат тарқатиш, уларни илмга даъват қилиш мақсадида ёзган ғазаллари кўп. Айтайлик, Надимий домланинг бир ғазаллари бор: 

Жаҳон ойинасини истар эрсанг кел, ғазалхон бўл.

Талаб хотирда бўлса, тахти кўнгул узра султон бўл. 

 Ғазалхонлик фақиру подшога дил насибидур,

Муносибму бўлиб инсон, тавориҳларга нодон бўл.

Надимийнинг набираси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Убайдулла Алиев томонидан “Истамас” радифли ғазали қўшиқ қилинган. Ана шу қўшиқ шеърини ҳам мен жуда яхши кўраман. У кишининг кўрганлари катта бир тарих, катта бир асарга лойиқ воқеалар. Надимийнинг ғазалларини устозимиз Абдулла Ориповга кўрсатганимда, “Бу жавоҳирларни нега эълон қилмаяпсиз?  Сизга яна қанақа тадқиқотчи керак, ўзингиз ҳамма нарсани тушунасиз-ку”, деган сўзлари ҳеч ёдимдан чиқмайди. Ўша пайтда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг Бош муҳаррири Саъдулла Ҳакимга телефон қилиб, “Надимий домланинг ғазалларини чоп эттирайлик”, деб айтган эдилар. Мен ғазалларни таҳририятга олиб борганман ва кўп ўтмай газетада чоп этилган. 

Надимий домланинг жуда катта ўрганишга лойиқ мероси бор. Ҳозир Фарғона давлат университети талабалари домланинг ижодини ўрганиб, илмий мақолалар ёзишяпти. Менимча, бу ҳам Надимий бобомизнинг ижодини кенг ўрганишда ўз самарасини беради. Шу ўринда бобомизнинг ғазалларидан бирини ўқувчиларга ҳавола этгим келди.

Ҳамдами жону дилим ман бенавони истамас,

Ҳар шаҳи олий ҳизр бирла гадони истамас.

 

Инсон элин ким эрур мардона билманг, дўстлар,

Заҳри ғамни нўш этиб, бағри адони истамас.

 

Инсу жинсму деб гумон этгай муҳаббатсиз киши,

Дунёда гулдек очилғон маҳлиқони истамас.

 

Жамъ хотир бўлса ҳар ким, бўлғуси кўнгул бутун,

Хотири ошуфта дил бир муддаони истамас.

 

Куҳи матлаб гардидин келтурса гар боди сабо,

Сурма ўрниға суриб кўз тўтиёни истамас.

 

Ошиқи содиқни кўнгли доғи ишқ этса агар,

Бир худодин ўзга одил бир гувоҳни истамас. 

 

Баҳрасиз бўлғон вужуди касби илму ҳарфидин,

Суҳбати доно ила ақли расони истамас.

 

Хотирининг ихтиёри бандасида бўлса гар,

Ёр этиб жониға ул ҳар бевафони истамас.

 

Ким жаҳоннинг бевафо аҳлини қилдим имтиҳон,

Бу Надимийдек ғариб, соҳиб дуони истамас.

 

ЎзА мухбири 

Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.