Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шеърият ва нафосат кечаси
16:04 / 2024-02-10

«Туркистон» саройида Маданият вазирлиги, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Ўзбек миллий мақом санъати маркази ҳамкорлигида буюк шоир бобокалонларимиз Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллиги муносабати билан "Назм ва наво кечаси" концерт дастури ташкил этилди.

Кечага мумтоз мусиқа мухлислари, талаба-ёшлар таклиф этилди.

- Халқимиз азалдан ўзининг буюк мутафаккирлари билан фахрланиб келган, - деди Ўзбек миллий мақом санъати маркази раҳбари, мусиқашунос олим Сойибжон Бегматов. - Февраль ойи халқимиз учун ўзига хос байрам тарзида ўтмоқда. Сабаби, бу ойда икки забардаст шоир Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд кунлари мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида жуда кўтаринки руҳда нишонланади. 

Навоий ва Бобур ҳаётлари давомида ўзбек халқининг анъана ва қадриятлари, маънавияти ва маърифати, она тилимиз, адабиётимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшганлар. 

Концертда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ўқитувчи ва талабалари томонидан мақомлар, бастакорлар ижодидан намуналар ижро этилди. 

Албатта ҳар бир мусиқанинг ўзи гўзал. Лекин Навоий ва Бобур номи билан боғлиқ мусиқа намуналари халқимиз қалбидан чуқур ўрин олган. Бу қўшиқлар Ватанни, ота-онани қадрлаш, она тилимизни эъзозлашга чорлаши, тингловчининг маънавий дунёсини бойитишга хизмат қилиши билан қадрли.

“Назм ва наво” кечасида Навоий ва Бобур ғазаллари билан айтилувчи қўшиқлар ижро этилди. Мумтоз шеърият намуналаридан лавҳалар ўқилди. Тадбир мусиқа, шеърият, маърифат ва нафосат байрами сифатида санъат ихлосмандларига манзур бўлди. 

Назокат Усмонова, ЎзА