Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шеърият – унинг умр мазмуни
17:53 / 2024-09-18

Ижод завқи тинимсиз изланишни, жонфидоликни талаб этади. Устоз ижодкор Асрор Мўмин ана шундай бетўхтов изланадиган, ўз фаолиятидан доимий тарзда қониқмайдиган, ўз ижодига талабчан бўлган қаламкашлардан саналади.

Шоир, таржимон ва журналист Асрор Мўмин Жиззахнинг Ғаллаорол туманидаги гўзал табиатли Қўйтош қишлоғида ўсиб улғайди. Атрофидаги гўзалликдан кўпроқ баҳра олиш, илҳомланиш ўрнига бошқа болалар каби ўйинларга, айниқса футболга берилди.

Асрор ака 1965 йили адабиёт фанидан Ҳамид Олимжоннинг ҳаёти ва ижодига бағишланган дарсни яхши хотирлайди. Ўшанда ўқитувчи «Ўзбекистон» шеърини уйда ёдлаб келишни айтганди. Янги дарс ўтилаётган вақтда кичкина Асрор ўшанда шеърни ўқиб, ёд олганди. Дарсни ўтиб бўлгач, ўқитувчи «Кимда савол бор?» деганда, қўлини кўтариб, шеър ўқишга изн сўрайди.

– «Ўзбекистон» шеърини ёддан ўқидим. Ўшанда шеърнинг қудратли кучини кўрдим, – деб хотирлайди Асрор Мўминов. – Ўқитувчимиз Халил Бобохонов бироз ўйланиб туриб, «Кундалигингни олиб кел», деди. Аввал журналга, кейин кундаликка «5» баҳо қўйди. Бу менинг она тили ва адабиёт фанидан олган биринчи «аъло» баҳоим эди. Ўша кундан адабиётга, ўқишга муносабатим тубдан ўзгарди. Дарсларни тайёрлайдиган бўлдим. Мактаб кутубхонасидан китоблар олиб ўқидим.

Ўша кундан у Ҳамид Олимжоннинг «Ўзбекистон» шеърига ўхшаш шеър ёзишни орзу қилди. Қанча қоғозларни қоралади. Қарийб ярим асрлик уринишларидан кейингина «Янги Ўзбекистон» шеърини ёзишга муваффақ бўлди ва устоз йўлида «Жиззахим» шеърини битди.

Асрор ака 1971 йили Ҳамид Олимжонни 1936 йилда ёзган «Ишим бордир ўша оҳуда» шеъри учун таъқиб остига олишганини эшитиб қолади. Ўша вақтда «Оҳу» шеърини ёзишни дилига тугди ва 36 йил ўтиб, унинг бу орзуси ушалди. Муаллиф беш қисмдан иборат «Оҳу» шеърида бу сўзнинг туб маъноларини беришга ҳаракат қилди.

Асрор Мўмин 1969 йили Тошкентга келди. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да талабаси бўлди. Биринчи қилган иши – Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейига бориб, сўнг музей дўконидан Хондамирнинг «Макоримул-ахлоқ» китобини сотиб олди. Бу китоб унинг учун айрилмас ҳамроҳига айланди. Ёзувчилар уюшмасидаги семинарларда мунтазам қатнаша бошлади. Ижодкорларнинг билдирган фикрлари ақлини чархлади. 1982 йили устоз Абдулла Ориповга ёзган машқларини кўрсатди ва ҳали кўп ўқиши, машқ қилиши кераклигини билиб олди. Роппа-роса бир йилдан кейин Абдулла акага яна учрашди. Яна кўпроқ ўқиши ва малакамни ошириши кераклигини тушунди. Яна бир йилдан кейин Абдулла акага машқларини олиб боргач, устозга ёш ижодкорнинг бир неча машқлари ёқди.

– Устоз Абдулла Орипов шеърларимга «Оқ йўл» ёзмоқчи эканлигини айтдилар, – деди Асрор Мўмин. – Ниҳоят, 1984 йили устоз Абдулла Орипов машқларимни маъқуллаганларидан кейингина таҳририятга топширдим. Биринчи шеърим – «Тошлар» ўзим орзу қилгандай «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида 1986 йил 27 июнь куни чиқди. Бу шеърни 1978 йил август ойида тоғда юрган вақтимда ёза бошлагандим. Қайта-қайта ёздим. Кейинроқ санасам, шу шеърни тузатишлари билан машинкада 72 марта ёзган эканман. Биринчи «Дил рози» китобим 1991 йили Мустақилликдан кейин чоп этилди. Абдулла ака «Менинг Доғистоним» таржима китобимга дилбар сўзбоши ёздилар. 

Асрор Мўмин турли йилларда Ўзбекистон агросаноат давлат қўмитасининг редакция-нашриётида таржимон, Ёзувчилар уюшмаси Тарғибот марказида ташкилотчи-мухбир, бош мухбир, «Спорт» газетасида бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррирнинг биринчи ўринбосари, бош муҳаррир вазифасини бажарувчи, «Кўзгу» газетасида бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир вазифасини бажарувчи, «Жаҳон адабиёти» журналида бош муҳаррир ўринбосари, Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриётида етакчи мутахассис, «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти ва «Ўзбекистон овози» газетасида бўлим мудири, «Давр пресс» нашриёт-матбаа уйида бош муҳаррир бўлиб ишлади. Бу эса унинг маҳоратини оширди, дунёқарашини бойитди, китобларни нашрга тайёрлаш тажрибасини берди.

Кейинчалик унинг шеърий – “Таваллуд”, “Юрак”, “Севдим, севилдим”, “Қалбингда Алпомиш яшасин”, “Севги тумори”, публицистик – “Президент. Спорт. Ғалаба!”, “Сенинг юлдузларинг, Ватан!”, ҳаммуаллифликда – “Юнусобод теннис клуби”, “Ўзбегимнинг баҳодири” ва таржима - Поль Бреггнинг “Парҳез мўъжизаси”, Ог Мандино ва Бадди Кейнинг “Акабар умидномаси”, Қайсин Қулиев, Расул Ҳамзатов, Роберт Рождественский, Давид Қуғултинов асарларидан жамланган “ХХ аср шеърияти”) китоблари нашрдан чиқди. “Тошкентнома” достони газетада чоп этилди. Улар ўқувчиларда қизиқиш уйғотди. 

Асрор Мўмин ижодида 2006 йил 19 апрель куни «Ҳуррият» газетасида чиққан «Хамса» достонига бағишланган «Ҳазрат Навоийга эҳтиром» шеъри муҳим ўрин тутади. Бу шеърни ўқиган, тинглаган зиёлилар илиқ фикрлар билдирди, айниқса, навоийшунос академик Азиз Қаюмовнинг «Раҳмат, яхши» дея айтган сўзлари ҳамон ижодкор қулоғида жаранглаб турибди.

Ҳар бир шеърий асар, таржима, мақола устида янада кўпроқ мулоҳаза юритадиган, ҳар бир сўзга катта масъулият билан ёндашадиган бўлди. Шундай изланишлар натижасида кейин ихчамгина «Умид ва Орзу», «Саккизинчи мўъжиза» шеърий китоблари, «Чемпионлик сирлари» тўплами дунё юзини кўрди.

– 2008 йил 19 сентябрь куни атоқли авар шоири Расул Ҳамзатовнинг машҳур «Менинг Доғистоним» асарининг ўз таржимамда чиққан биринчи китоби намуна нусхасини қўлга олдим, – дея хотирлайди Асрор Мўмин. – Йигирма етти йиллик ижодий меҳнатим самарасига қараб бошим осмонга етди. Бу китобнинг чиқиши ёлғиз менигина эмас, барча адабиётсеварларимизни, зиёлиларимизни хурсанд қилди. Аллақачон бошимни зўр ишга бериб қўйганимни тушуниб етгандим. «Менинг Доғистоним» асарининг иккинчи китоби таржимасини жадал суръатларда давом эттирдим. Шу билан бирга шеърий асарлар, мақолалар ёздим.

2009 йили Асрор Мўмин «Сиздан миннатдорман» китобини нашрга тайёрлади ва илмий-фантастик услубда ёзилган «Ҳаёт ва Ширин» достонини тугатди. 2011 йил 19 январь куни «Менинг Доғистоним» асарининг биринчи ва иккинчи китоблари яхлит ҳолда чоп этилган намуна нусхани олганида елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди,. Негаки бу муаллифнинг кўп йиллик меҳнатлари самараси эди…

Ижодкор Расул Ҳамзатовнинг иккинчи машҳур асари – «Оналарни асранг» достони таржимасини амалга оширди. Юртимиздаги бунёдкорлик, яратувчанлик ишларига бағишланган «Ўзбекистоннома» достонини ниҳоясига етказди. «Дунё мўъжизалари» номли публицистик тўпламини чоп эттирди. 2014 йили муаллиф таржимасидаги китоблар – Виктор Васильевнинг “Таль тилсимоти” ҳужжатли қиссаси, Давид Қуғилтиновнинг “Ноёб истеъдод” достони ва Расул Ҳамзатовнинг “Мен юз қизга шайдоман” тўплами нашрдан чиқди. Кейинроқ “Севги баҳори” достони, “Мунир ишқ” шеърий, “Бу дунёга келиб топган хазинам” публицистик ва Расул Ҳамзатовнинг “Аёллар кўп, Она ягона” таржима китобларини нашрга тайёрлаб, чоп эттирди. Атоқли шоир Қайсин Қулиев ижодидан залворли намуналарни она тилимизга ўгирди.

Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган «Адиб. Аллома. Арбоб!» мақоласини ёзди. 2018 йил нурли лаҳзаларга бой бўлди. «Умид ва Орзу» достонининг охирги қисми бўлган «Висол сурури»ни ёзиб тугатди. Қирқ беш йил давомида ёзган сара шеърий асарларини жамлаб «Умрим фасллари» китобини нашрга тайёрлади. Чингиз Айтматовнинг устози Қайсин Қулиевга меҳри ва ҳурмати ифодаси бўлган «Шоирнинг фазоси» адабий мақоласини таржима қилди…

– Ҳазрат Навоийга бахшида ижод намуналарим жамланган «Навоийнома» китобим дунё юзини кўрганда эллик уч йиллик орзуим ушалди, – деди Асрор Мўмин. – Шоирларнинг шоири бўлган Ҳазрат Навоийни улуғлашимиз керак, лекин ёзувчиларнинг ёзувчиси бўлган Лев Толстойни ҳам унутмаслигимиз лозим. Йил охирида таржимамда Лев Толстойнинг «Ҳожимурод» қиссаси нашр этилди. Келгуси йил Ҳазрат Навоийни ҳам, Лев Толстойни ҳам юксак даражада қадрлаган Расул Ҳамзатов таваллудининг 100 йиллигига нишонланарди. Шу боис устоз шоирга бағишланган адабий мақолалар ёздим ва шоҳ асарини қайта нашрга тайёрладим.

Асрор Мўминнинг долзарб мавзудаги драма, мақола, публицистик чиқишлари мамлакатимиздаги етакчи оммавий ахборот воситалари – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА, етакчи босма ва электрон нашрларда мунтазам тарзда нашр этилиб борилади. Улар юртимизнинг кенг жамоатчилиги, оддий одамларда катта таассурот қолдиргани билан аҳамиятлидир.

Адиб улуғвор ишларга киришганда ижоди қайнаб тошади. Газета-журналларда эътиборга молик мақолалари, шеърий туркумлари эълон қилинди.

– Аслида, ижодкор таваллуд тўйига биринчи навбатда ўзи туҳфа тайёрлаши керак, – деди Асрор Мўмин. – Бу ғайрат ва илҳом билан ижод қилишимни тақозо этарди. Бошлаган шеър, таржима ва мақолаларимни ниҳоясига етказдим, янгиларини ёздим. Буюк аждодларимиз ёшлик давридаёқ Ватанимиз тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилган катта ишларни амал оширишган. Уларни «Ёшларнома» манзумасида қаламга олдим. Ёзувчилар уюшмасида 70 ёшга тўлганим нишонлангани ва янги асарларим киритилган «Ширин бир сўз» китобимнинг чиқиши таваллуд тўйимга унутилмас туҳфа бўлди. Китобдаги олтита мақоламда ҳам Ҳазрат Навоийга оид лавҳалар борлиги қувонтирди.

Устоз ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, «Шуҳрат» медали соҳиби Асрор Мўминга янги ижодий парвозларни тилаб қоламиз.

Н.Усмонова,

ЎзА