Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шеърият байрамига айланган семинар
19:42 / 2023-07-18

Жиззах вилояти Зомин туманидаги "Ўриклисой" оромгоҳида ёш ижодкорларнинг Зомин республика семинари ўз ишини бошлади. Мазкур ижодий лойиҳа Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Семинарнинг очилишида Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Акмалжон Саурбаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ва бошқалар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган мазкур ёш ижодкорлар семинари миллий адабиётимиз ривожига хизмат қилаётганини таъкидладилар.

– Мазкур ёш ижодкорлар семинари мутлақо янги замоннинг ижрдкорларини камолга етказишга хизмат қилаётгани диққатга сазовордир, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Ушбу семинарда иштирок этган қаламкашларнинг ижод намуналари жуда катта тиражда чоп этилгани ёшларга бўлган эътиборнинг амалий тасдиғидир. Адабиёт майдони ҳазилакам майдон эмас. Устоз Абдулла Орипов ижодкорнинг нони қаттиқ бўлишини таъкидлар эдилар. Чиндан ҳам ижодкорлик учун катта меҳнат, катта заҳмат талаб этилади. Учинчи Ренессанснинг асл асарларини бугунги ёш ижодкорлар яратишидан умидимиз катта.

– Бу заминдан жуда кўплаб ижодкорлар етишиб чиққан, – деди Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Акмалжон Саурбаев. – Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Сарвар Азимов, Ҳаким Назиров, Оқилжон Ҳусанов каби ижодкорларнинг номи ҳар бир китобхонга таниш. Давлатимиз раҳбари ёшлар қалбига адабиёт орқали йўл топиш ҳақида кўп таъкидлайди. Ушбу семинар ёшларнинг ижодий парвозида муҳим ўрин эгаллаши шубҳасиз.

– Адабиёт байрами – кўнгил байрами, – деди устоз ижодкор Маҳмуд Тоир. – Бу семинар адабиёт, шеърият байрамига айланишига шубҳа йўқ.

Ёш ижодкорларнинг Зомин семинарининг илк кунида мушоиралар, адабий гурунглари бўлиб ўтди.

Назокат Усмонова, ЎзА