French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шердил учувчи эди
15:40 / 2020-08-13

Қаҳрамонлик унутилмайди.

Қаҳрамонлик унутилмайди

Тошкент вилояти Янгийўл тумани Соҳибкор кўчасида бир хонадон бор. Унда халқимизнинг мард ўғлони, марҳум катта лейтенант Шермуҳаммад Аширов яшаган. 1975 йил 23 январь куни зиёли оилада туғилган қаҳрамонимиз ҳалол, тўғри сўз ва жасур бўлиб улғайди. 

1999 йили у болалигидан бери ўқишни орзу қилган Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртини битириб, ҳарбий учувчи мутахассислигини эгаллади.

2000 йилнинг август ойида Сурхондарё вилоятининг тоғли ҳудудларида бир гуруҳ ғаламисларга қарши тўқнашувлар куну тун давом этар эди. Ватанимизга суқилиб кирган халқаро террорчи жангари тўдаларга қарши курашда душман жойлашган базаларни қидириб топиш ва ҳаводан туриб яксон қилиш бўйича жанговар вазифани бажаришда Шермуҳаммад ҳам фаол иштирок этди.

Катта лейтенант Ш.Аширов учувчи-штурман таркибида бўлган вертолёт экипажига навбатдаги жанговар топшириқ берилди. Мамлакат мустақиллиги ва эл тинчлигини сақлашни муқаддас бурч деб билган ўғлон бу топшириқни бажаришга жиддий киришди. «Ми-8» русумидаги жанговар вертолёт экипажи тоғли ҳудуднинг қийин шароитида жангарилар гуруҳини аниқлаб, ёвга катта талафот етказди. Лекин жангарилар томонидан отилган автомат ўқи вертолётнинг ўнг двигателига жиддий шикаст етказди.

Вертолёт тоққа қулай бошлайди. Вазиятни тушунган Шермуҳаммад дарҳол қуролдошларига вертолётдан парашют билан сакрашларини айтади. Унгача вертолётни бошқариб, ўзи энг охирида сакрашини маълум қилади. Пастда душман ҳужуми тинмайди. Ҳарбийлар сакрагунча вертолёт тоғ қоясига яқинлашиб қолади. Шермуҳаммад энг охирида қолган техник ходимга ҳам сакрашини айтади. Қуролдошларининг барчаси сакраб бўлганига ишонч ҳосил қилган довюрак учувчи ўрнидан турмоқчи бўлганида, оёқлари ғаним отган ўқлар туфайли вертолётнинг қайсидир қисмида қисилиб, кабинада қолиб кетади...

Бошқарувни йўқотган вертолётни ерга қўндириш вақтида шердил ўзбек лочини қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Қутқарувчилар етиб келганида вертолёт қояга урилиб, жарликка қулаган эди. Тинчликни таъминлаш, барқарорлик ва жамоат тартибини мустаҳкамлаш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун у Президент фармонига мувофиқ, II даражали «Шон-шараф» ордени билан мукофотланди.

Умри қисқа бўлса-да, турмуш ўртоғи билан бахтли ҳаёт кечирди. Отасининг дийдорига тўя олмаган қизалоғи Маҳмуда ўша пайтда бир ёшда эди. Ундан ёлғиз ёдгор бўлиб қолган қизи отасига қуйиб қўйгандек ўхшайди. Шермуҳаммад Ашировга оид ёрқин хотираларни унинг яқинларидан эшитинг:

Она

Турмуш ўртоғидан эрта айрилган Мунисхон Аширова икки ўғлини алп­қомат, шердил қилиб вояга етказди. Уч қизи ҳам муносиб тарбия топди. Онахон фарзандларини доим дуо қилади. Шермуҳаммад билан боғлиқ воқеаларни тез-тез эслайди:

– Кенжатойимнинг юришига ҳам, кийинишига ҳам ҳамма ҳавас қилар эди. У болалигида ҳарбий учувчи либосини кийиб суратга тушган. Нуридийдам юрагида учувчи бўлиш истаги ана шунда пайдо бўлган. Раҳматли дадаси ҳам учувчи бўлишни ният қилган. Шу боис бу йўлда ўғлимга фақат ёрдам берган.

Бир куни ҳеч уйқум келмади. Ҳамма ухлаган. Бир пайт кўзим илинган экан, «Шермуҳаммад!» деб бақириб юбордим. Нега? Нима учун? Билмайман. Ўша куни ўғлимнинг жони узилган экан, эртасига билдим буни…

Ватанни ҳимоя қилишдек шарафли ишига жуда меҳр қўйган эди. Бир куни таътилга келганида, онаман-да, чарчаб, қийналяпти, деб ўйладим. «Болам, ҳадеб иш-иш, деяверасанми? Мазам йўқ деб, ҳар замон дам ол», десам, Шер ўғлим: «Ая, менга ҳамма нарсани ўргатгансиз-у, фақат ёлғон гапиришдан дарс бермагансиз», дейди. Ана шундай бир дунё эди болагинам.

Ўғлимдан мингдан-минг розиман, умри қисқа бўлса-да, чақмоқдек яшади, тиним нелигини билмади. Ҳалигача дўстлари, сафдош ўртоқлари келиб, йўқлаб туради. Мендан йироқда бўлганида, қандай хизмат қилганини шулар сўзлаб беради. Эр йигит элнинг боласи, тинчлик ва осойишталикни шулар сақлаяпти-да.

Ўқитувчи

Қаҳрамонимиз мактабда бошланғич таълимни биринчи муаллими Роза Абдиевадан олган.

– Мактабга ишга келганимда илк бор Шермуҳаммад ўқиётган синфга раҳбарлик қилганман, – дейди тажрибали педагог Роза Абдиева. – Аълочи ўқувчиларимдан эди. У билан ҳамиша фахрланаман. Оғир, вазмин, меҳрибон ўқувчи сифатида бир нимани мақсад қилса, шунга эришмасдан қўймасди. Чинакам ватанпарвар, ёлғон-яшиқ сўзларга тоқат қилмас, бир сўзли йигит эди. Ҳақиқат учун жон куйдирарди ҳамиша.

Нурли чеҳраси ҳозир ҳам кўз олдимда турибди, тўртинчи партада ўтирарди. Бир куни «Қани, болалар, ҳис-ҳаяжон гапга ким мисол келтиради?» десам, у қўл кўтариб жавоб берди. «Яшасин, 8 март ва онажонларимиз!» деди баралла. Ҳамма кулиб, қарсак чалиб юборди.

Шермуҳаммад ҳақида тарих фани ўқитувчиси Муҳаббат Турғунбоева шундай дейди:

– Дарс вақтида саркардалар, айниқса, мўғулларга қарши курашган Жалолиддин Мангуберди ҳақида кўп савол берарди. Мактабни битираётганда, қайси касбни эгаллаши тўғрисида сўраганимизда, улуғларимиз каби юртимизни кўз қорачиғидек асраб, ҳарбий учувчи бўламан, гўзал Ватанимизни осмон узра кўрсам, дерди ҳаяжон билан. Бундай йигитлар камдан-кам туғилади, менимча. Курсантлик пайтида ташаккурномалар олганини эшитганимизда биз ҳам кўп қувонганмиз. Мактабимиз унинг номи билан аталади. Шермуҳаммад ҳар доим, ҳар он ёдимизда.

Сабоқдош

– У билан бир партада ўтирар эдим, – дейди Шермуҳаммад Ашировнинг синфдоши Мукаррам Юсупова. – Она тили ва адабиёти, тарих ва география фанларига жуда қизиқар эди. Синфдош­ларимиз бирор нимани тушунмаса, биринчилардан бўлиб ёрдам берарди. Билмаган нарсаси йўқ эди унинг. Биз уни исми билан эмас, «Полвон» деб чақирардик. Чунки ўқишда ҳам, жамоат ишларида ҳам, синфдош қизларни ҳимоя қилишда ҳам полвон эди-да. Курсантлик даврида, кейин ҳарбий хизматни ўтаётганда, таътилга келганида ҳам, албатта, бизни, синфдошларни тўпларди. Дўстларимиз орасида мустаҳкам оқибат риштасини боғлаган эди.

Подполковник Шерали Чориев курсдошини шундай хотирлайди:

– Хушчақчақ, дўстларига ёрдам қўлини чўзадиган, билимга чанқоқ, чин маънодаги ватанпарвар бу курсдошимнинг инсоний фазилатлари, юксак билими ва туғма истеъдодини ҳозиргача қадрлайман. Курсантлигимизда қидириб топа олмаган китобларни ундан олиб ўқир эдик. Унинг шахсий кутубхонасида ҳаво навигацияси, аэродинамика, учиш қоидаларига оид дарсликлар бисёр эди. Эркин Воҳидов, Пиримқул Қодиров каби шоир ва ёзувчиларнинг китоблари қўлидан тушмас эди. Фавқулодда иқтидори, вазминлиги, тиришқоқлиги билан йўриқчи офицерларнинг мақтовларига кўп бор сазовор бўлган.

Раис

Янгийўл тумани «Халқобод» қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Жўрабой Ишонқуловнинг мулоҳазалари ҳам Шермуҳаммаднинг ўзидан яхши из қолдирганини тасдиқлайди:

– Қишлоғимиздан чиққан биринчи ҳарбий учувчи Шермуҳаммад Аширов ўғлим билан синфдош эди. Раҳматли отаси Эргашали ака ҳам, бобоси Аширали ота ҳам ўқитувчи, элнинг ҳурматига сазовор кишилардан эди. Акаси Нурмуҳаммад ҳам кўп йиллар Янгийўл туманидаги 51-умумтаълим мактабида директорлик қилди. Зиёли оилада вояга етиб, тинч ва осойишта ҳаётимиз, мустақиллигимизни асраш йўлида азиз жонини аямаган бу ўғлонимиз жасоратини ҳамиша ёшларга ўрнак қилиб кўрсатаман. Ҳа, бугунги замон ҳар биримиздан огоҳ ва сергак бўлишни талаб қилмоқда. Чунки Ўзбекистон биз учун ҳар недан азиз ва мукаррамдир.

photo_2020-08-13_15-17-48.jpg

photo_2020-08-13_15-17-49.jpg

photo_2020-08-13_15-17-50.jpg

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ