Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шерали Жўраевни ёдга олиб...
12:30 / 2023-10-25

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Инфолиб Ўзбекистон – 2023" китобхонлик ҳафталиги доирасида миллий мусиқа санъатимиз дарғаси, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев хотирасига бағишлаб, “Бир қўшиқ куйлайки...” деб номланган маърифий анжуман бўлиб ўтди.

Хотира тадбирига санъат мухлислари, китобхонлар, ижодкор зиёлилар, хонанданинг яқинлари таклиф этилди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев санъатимизда миллийликни сақлаб қола олган, миллионлаб мухлислар қалбидан чуқур жой олган хонанда эканини таъкидлади.

– 2016 йилда машҳур санъаткоримиз кутубхонамизга Навоийхонлик кечасига келиб, масканимизга “Ҳазрат Навоийнинг уйи” дея гўзал таъриф берган эдилар, – деди Умида Тешабоева. – Кутубхонамизда Шерали Жўраев ижодига оид грампластинкалар, санъаткор фаолияти, ижодига оид турли нашрларда чиққан материаллар, китоблар сақланади. Дарҳақиқат, чинакам санъат халқ қалбида мангу қолар экан.

– Санъаткор ижоди билан боғлиқ “Бир қўшиқ куйлайки..." номли китобнинг тақдимоти шу йил май ойида бўлиб ўтди, – деди журналист ва ёзувчи Мақсуд Жонихонов. – Шерали акага 1998 йилдан бери “Сиз ҳақингизда китоб чиқарайлик” деб айтиб келардим. Сира кўнмасдилар, бу ҳам санъаткорнинг нечоғлик камтарин инсон бўлагини англатади. Китобни жуда кам тиражда – 500 нусхада чоп этдик. Келгусида уни яна кўпроқ ададда нашр этишни режалаштирганмиз. Шерали Жўраев инсонийлик, ижод ва ибодатда жуда мукаммал эдилар. Мумтоз шеъриятни, миллийликни улуғловчи ижодкор эдилар. Ана шу жиҳатлар билан бирга у кишининг шоирлик, ҳам бастакорлик қирраларини китобда очиб беришга ҳаракат қилдик.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти Ҳасанхон Абдумажидовнинг фикрича, Шерали Жўраев мумтоз адабиётимиз, айниқса, Навоий ижодини, мумтоз мусиқамизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келган ижодкор эди.

– Шерали Жўраев Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидасини мадҳиядек куйларди, – деди таниқли навоийшунос олим Султонмурод Олимов. – Санъаткор Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовнинг ижодини қўшиқ орқали халққа етказа олган ижодкордир. Унинг Ватанига, халқига содиқлигига, сабрига, матонатига қойил қолганмиз.

– 1968 йили пластинкада “Боғбон қиз” ҳамда “Ухласин” қўшиқлари чиққанди, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Элмурод Исломова. – Шерали Жўраев ўша қўшиқлари билан ҳаммани ларзага келтирган эдилар. Шерали акани ўзимга яқин олиб, “Тоға” деб чақирардим. Улар билан 1973 йилда танишдик, шундан кейин кўп йиллар биргаликда ижод қилдик. Бундан 34 йил аввал ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишидек жараёнлар Шерали акадек инсонларнинг иштироки билан боғлиқ. “Ўзбегим” қасидасини ижро этганларида одамлар тик туриб олқишлаган эдилар. Ўшанда уларнинг кўзларида ёш қалқиганларини кўрганман. Чиндан ҳам Шерали Жўраев санъаткорларнинг сардори эди.

Дарҳақиқат, Шерали Жўраев халқимизнинг энг ардоқли хонандаларидан бири эди. Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистон, Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев 2022 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган. Унинг юзлаб қўшиқлари дунёнинг турли чеккаларида янграган.

– Отамизни эслаб келганингиз учун барчангизга ташаккурлар айтаман, — деди санъаткорнинг фарзанди Шоҳжаҳон Жўраев. – Китоблари чиққанида отам жуда хурсанд бўлган эдилар. Китоб тақдимотини Самарқандда ҳам ўтказмоқчи эдик. Афсуски, насиб этмади. Келгусида бу ниятни амалга ошириш режамиз бор. Отамиз Мустақиллик, Наврўз каби байрамларга бағишлаб ўтказилган катта концертларда иштирок этишларини орзу қилардик. Биз йигирма йил сабр қилдик. 2016 йилда шу даргоҳдаги Ҳазрат Навоий туғилган кунига бағишланган тадбирда қатнашдилар. “Ўзбегим” қўшиғи билан яна катта саҳнага қайтдилар. Ўша куни уйимизда байрам бўлиб кетганди. Шундай эътибор учун Президентимиздан жуда миннатдормиз.

Гарчи бир оз маҳзун бўлса-да, хотира тадбири жуда самимий, жонли руҳда ўтди. Хонанданинг иштирокидаги видеолавҳалар намойиш этилди. Унинг ибратли фазилатлари, ҳофиз билан боғлиқ хотиралар, бетакрор ижоди ёдга олинди. Қўшиқлари ижро этилди.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири