Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият марказида ёзувчи, драматург, ўзбек адабиётининг ёрқин вакили, адабиётшунос, жаҳон адабиёти мумтоз намуналарини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган адиб Мақсуд Шайхзода таваллудининг 114 йиллигига бағишлаб, “Озодликка интилган шоир” номли тадбир бўлиб ўтди.
Тошкент давлат транспорт университети билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда пойтахт олий ўқув юртлари ўқитувчи ва талабалари, адабиётшунослар, маҳаллий озарбайжонликлар иштирок этди.

Марказ директори ўринбосари Нодир Алимирзоев Шайхзоданинг ҳаёти ва ижоди, босиб ўтган машаққатли йўли ҳақида гапираркан, бундай шахслар фаолияти халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик кўпригини янада мустаҳкамлашини қайд этди.
Озарбайжонда туғилган Мақсуд Шайхзоданинг номи Ўзбекистон билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Озарбайжон Маданият маркази томонидан Ўзбекистонда яшаган озар халқининг таниқли вакиллари хотирасини абадийлаштириш йўлида амалга оширилаётган ишлар, йирик лойиҳалар тилга олинди.


Сўзга чиққанлар ўлмас асарлар яратган икки халқнинг суюкли фарзанди Мақсуд Шайхзода ижоди ва шахси халқ орасида жуда машҳурлиги, ўзбекнинг паҳлавон фарзанди Жалолиддин Мангуберди ҳақида яратган йирик асари туфайли у ҳақли равишда ўзбек адабиётининг Шекспири, дея аталишини эътироф этдилар. Бундай тадбирлар баркамол авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши, ёш авлод қалбидаги қардош халқлар маданиятига нисбатан ҳурмат туйғусини янада кучайтиражаги таъкидланди.
Сўнгра тадбир иштирокчилари эътиборига Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази ташаббуси билан Шайхзодага бағишлаб тайёрланган “Икки халқнинг ифтихори” ҳужжатли фильми ҳавола этилди.


Адибнинг Озарбайжондаги илк фаолияти, Ўзбекистонда яшаган йиллари, педагоглик фаолияти билан боғлиқ даврлар акс этган, тарихий фактларга бой фильм йиғилганларда илиқ таассурот уйғотди.
Якунда талабалар ёзувчи асарларидан саҳна кўринишлари намойиш этиб, шеърларидан намуналар ўқишди.

Ғ.Хонназаров, ЎзА