Бирлашган Араб Амирликларида Халқаро музейлар кенгашининг тарихий 27-Бош конференцияси - ICOM Dubai-2025 якунлангани ҳақида “WAM” ахборот агентлиги хабар берган.
Яқин Шарқ, Африка ва Жанубий Осиё минтақаси бўйича илк бор Дубайда ташкил қилинган "Тез ўзгариб бораётган жамиятларда музейлар келажаги" мавзусидаги анжуман дунёнинг турли бурчакларидан келган музей мутахассислари, маданият етакчилари - жами 4500 дан зиёд иштирокчини бирлаштирди.
Тадбирнинг сўнгги кунида Дубай Маданият ва санъат бошқаруви раиси Шайха Латифа бинт Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум "Алмашинув руҳи: БААнинг маданий дипломатияга нибатан ноёб нуқтаи назари" сессиясида иштирок этди.

Шайха Латифа конференция доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижодий иқтисодиёт ва туризм департаменти бошлиғи Гаянэ Умерова билан учрашди. Мулоқотда Давлат вазири Нура бинт Муҳаммад Ал Каъбий, Музейлар ва мерос департаменти бош директори Муна Файсал Ал Гург ҳамда Маданият департаменти раҳбарияти ҳам қатнашди.
Учрашув давомида БАА ва Ўзбекистон ўртасида турли йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш масаласи муҳокама қилинди. Ижодий иқтисодиётни мустаҳкамлаш муҳимлиги умумий миллий устуворлик сифатида таъкидланди.
Ўзаро маданий алоқалар тарихий Ипак йўли бўйлаб асрлар давомида шакллангани эътироф этилди. Зеро, кўп асрлик алоқалар қитъалар орасида одамлар, ғоялар, ҳунармандлик ва бадиий анъаналарни боғлаган. Мезбон мулозимнинг фикрича, ушбу абадий мерос ижодкорлик, очиқлик ва маданий англашга асосланган умумий замонавий экотизим яратишга интилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга илҳом бахш этмоқда.

Истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, ёш ижодкорлар ривожланиши учун қулай муҳит яратиш муҳимлигига ҳам эътибор қаратилди. Иккала мамлакат рассом, дизайнер, маданият арбоблари янги авлодини қўллаб-қувватлаш, ижодий мутахассислар минтақавий ва глобал миқёсда ривожланиши учун имконият яратиш лозимлиги таъкидланди. Ижодий иқтисодиётга инвестиция нафақат молиявий, балки маданий зарурат ҳам экани, ўзига хосликни сақлаб қолиш, инновацияни ривожлантириш, маданий ва ижодий жамоалар ўртасида кўприк бўлиб хизмат қиладиган келажакни шакллантириш кераклигига урғу берилди.
1946 йил ташкил этилган, музейларни сақлаш, тарғиб қилиш ва ривожлантиришга ихтисослашган глобал ташкилот ҳисобланадиган Халқаро музейлар кенгаши (ICOM) 129 мамлакатдан 57 000 га яқин аъзо, жумладан куратор, реставратор, ўқитувчи ва бошқа мутахассисларни бирлаштирган. Тузилманинг аввалги Бош конференцияси 2023 йил Чехия пойтахти Прагада бўлиб ўтган эди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА