Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Шайх Зоид” фестивалида Ватанимиз байроғи куни нишонланди
22:40 / 2023-11-18

Бошқа мамлакатда Ватан байроғини кўрган ҳар бир инсон ўзгача ғурур ҳиссини туяди. Бугун БААдаги юртдошларимиз ана шундай туйғуни яна бир карра ҳис қилди.

Абу-Даби амирлиги Ал-Ватба ҳудудида ўтаётган “Шайх Зоид” фестивали доирасида “Ўзбекистон” павильони очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси давлат байроғининг 32 йиллиги муносабати билан  фестивалнинг марказий мониторида байроғимиз жилоланиб, миллий мадҳиямиз янгради. Шундан сўнг 10 дақиқа давомида юртимиз сайёҳлик салоҳиятига бағишланган видеоролик намойиш этилди.

Дипломатик ваколатхоналар ҳамда фаол ватандошлар иштирокида байроқлар паради уюштирилди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан ташкил этилган мазкур павильонда мисгарлик, кулолчилик, миллий матолар ва қадриятларимиз намойиш этилади, ўзбекона таомлар тайёрланади. Дастурнинг маданий қисмида миллий куй-қўшиқлар, рақслар ижро этилади.

Таъкидлаш жоиз, “Шайх Зоид” маданий мерос анъанавий фестивали бешинчи марта ташкил этилмоқда. Анжуман 2024 йил 9 мартга қадар давом этади. Тадбир доирасида “Хуш келибсиз!” номли дронлар ва лазер чироқлари ҳамда Амирлик фавворалари шоулари, мушакбозлик, ҳарбий мусиқа, мерос мусобақаси, қизиқарли спорт ўйинлари бўлиб ўтади.

Фестиваль шаҳарчасида 20 дан зиёд мамлакат павильони, шунингдек санъат бурчаги, “Selfie street” майдони, саҳро музейи, болалар майдончаси, гуллар макони ва озиқ-овқат маҳсулотлари намойиши ташкил этилган.

Нозимбек Мардонов,

ЎзА