Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрирда қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Мазкур масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Икром Муслимов маъруза қилди.
— Қонун устуворлигини таъминлаш ҳар қандай замонавий демократик давлатнинг муҳим вазифаси ҳисобланади. Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам инсон ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати устуворлиги ўз аксини топди. Жумладан, Конституциямизнинг 28-моддасида жиноят суд ишларини юритиш соҳасида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган янги конституциявий асослар белгиланди. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек, қонуний манфаатларини ифодаловчи нормаларни бошқа қонун ҳужжатларида ҳам акс эттиришни тақозо этмоқда.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал кодекс ҳамда “Судлар тўғрисида”ги қонунга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланиши, гумон қилинувчига, айбланувчига ва судланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги ўз аксини топмоқда. Бундан ташқари, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда, — деди Икром Муслимов .
Муҳокамаларда сўз олган депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларнинг суд орқали ҳимоя қилиниш ҳуқуқи кафолатларини таъминлашга хизмат қилишини қайд этдилар.
М.Комилова, ЎзА