English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шахснинг дахлсиз ҳуқуқларини бузишга ҳеч ким ҳақли эмас
16:51 / 2023-01-27

Ҳар бир шахснинг эркин яшаш ҳуқуқи конституциявий даражада кафолатланган дахлсиз ҳуқуқларидан биридир.

Қолаверса, диний қарашларни бошқа шахсларга мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. Зеро, эътиқод масаласи ҳар бир шахснинг ўзигагина тегишли бўлган шахсий ишидир.   

Аммо бугунги кунда диний билими борми-йўқми, диний мавзулар орқали ўзини “пиар” қилаётганлар пайдо бўлмоқда. Ачинарлиси, қандай бўлмасин томошабин йиғиш ортидан даромад топишга уринишлар кўпайиб кетди. 

Бир қарашда асосан Ислом динига эътиқод қилувчи одамлар яшайдиган заминда диний тарғиботнинг зарари йўқдек. Лекин аждодларимиз динни илм даражасида эъзозлаганини ҳисобга олсак, диний илмларни тарқатишга ҳамма ҳам ҳақли эмас, назаримизда.  

Буюк олим, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида кўпчилигимиз яхши биламиз. Бу инсон Ислом динига оид  билимларни чуқур эгаллаб, диний илмда юксак мартабага эришгандан кейингина видеосабоқларни тасвирга олдирган.  

Шу нуқтаи назардан қаердадир эшитган гапларидан келиб чиқиб, диндан “ақл ўратувчи”лар сал истиҳола қилса бўлар эди. Ҳатто айрим ўзини “домла” деб юрганларининг такаббурлигини кўриб ёқа ушлайди киши. Ахир эзгулик дини бўлган Исломнинг бош талаби – мўъминлик эмасми?  

Ижтимоий тармоқларда икки нафар шахснинг аёлларнинг юриш-туришига оид видеоси тарқалиб, кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлган эди.

Ушбу масала бўйича Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси муносабат билдирди.

Мазкур тузилманинг хабарига кўра, ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида яшовчи 1991 йилда туғилган Х.Д. ва 1989 йилда туғилган И.О. томонидан “Аёл кишининг кўчага чиқиш одоблари...” номли видеолавҳа тарқатилиб, унда бу шахслар диний мазмунда аёлларнинг кўчага чиқишга оид турли номақбул чекловларини баён қилганлари акс этган. Ҳолатни ўрганиш мақсадида Х.Д. ва И.О. Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ИИО ФМБга таклиф этилди. 

Ўтказилган суҳбат давомида аёлларнинг кўчага чиққанида ўзларини қандай тутиши, одоби, бегона шахслар билан қандай муносабатда бўлишлари ҳақида ўз ташаббусларига кўра шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда муносабат билдиргани маълум бўлди.

Профилактик суҳбат давомида фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун талаблари тушунтирилган.

“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунга асосан, жинс бўйича билвосита камситиш, яъни бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни, ҳолатларни ёки мезонларни яратиш, шу жумладан, гендер тенгсизликни оммавий ахборот воситалари, таълим, маданият орқали тарғиб этиш, муайян жинсдаги шахслар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ёхуд талаблар белгиланишига йўл қўйилмайди. 

Ушбу қонуннинг 29-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. 

Шундай экан, турмушда ва жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишда инсонлар ўзларининг диний ва ахлоқий қарашлари орқали бошқаларга баҳо бериши ёки бошқача кўринишда шахсий ҳаётига аралашиши мумкин эмас. Ушбу тартибга қарши ҳар қандай ҳаракат қонун асосида қатъий таъқиб қилинади. 

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасига биноан, мамлакат ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади. 

Шу муносабат билан ушбу фуқаролар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1842-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)га асосан маъмурий жавобгарликка тортилган. 

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси фуқароларни турли миллат ва конфессия вакиллари истиқомат қиладиган жамиятимизда қонун билан ўрнатилган ва ижтимоий келишув асосида тартибга солинадиган муносабатларга қарши ҳар қандай турдаги ножоиз гап-сўз ва саъй-ҳаракатлар аҳоли орасида тушунмовчиликлар юзага келишига ва турли муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлишини эслатиб, халқимиз менталитети, миллий урф-одатлари ва жамиятда қабул қилинган юриш-туриш қоидаларини ҳурмат қилган ҳолда, миллий қонунчилигимизга итоаткор бўлишга чақирди. 

Ҳақиқатан ҳам қонунларга риоя этиш ҳар бир шахснинг бурчи эканини унутмаслик керак.  

Н.Абдураимова, ЎзА