Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шахсий маълумотлар хавф остидами?
18:56 / 2026-02-05

“Адолат” СДП депутатлари масъул идоралардан изоҳ талаб қилди.

Сўнгги кунларда Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари “Darknet” ва бошқа очиқ интернет ресурсларига сизиб чиққан бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар жамоатчиликда жиддий хавотир уйғотмоқда. Ушбу масала Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси диққат марказига олинди.

Маълум қилинишича, мазкур ҳолатнинг фуқароларнинг ҳуқуқий ва молиявий хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётганини инобатга олган ҳолда, партия депутати Маҳмуд Валиев масъул давлат органлари раҳбарларига депутатлик сўрови юборган.

Депутатлик сўрови уч йўналишни қамраб олган. Хусусан, Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовдан шахсий маълумотлар сизиб чиққани ҳақидаги хабарлар қай даражада тасдиқлангани, маълумотлар хавфсизлиги ҳолати, ҳодисага сабаб бўлган омиллар, шунингдек, ҳукуматнинг аутентификация инфратузилмаси — “OAuth” сервери ва “my.gov.uz” порталида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун қандай техник ва ташкилий чоралар кўрилаётгани юзасидан аниқ маълумот сўралган.

Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовга эса ваколатли идоралар билан ҳамкорликда олиб борилаётган тезкор-қидирув ишлари, киберҳужумни амалга оширган шахсларни аниқлаш, шахсий маълумотларни тарқатиш билан боғлиқ жиноятлар профилактикасини кучайтириш ҳамда қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдим этиш масалалари юзасидан саволлар йўлланган.

Шунингдек, Миллий статистика қўмитаси раиси Баҳром Ҳамраевдан аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнида тўпланган маълумотларни сақлаш ва ҳимоя қилиш чора-тадбирлари, ҳамда “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун талабларига риоя этилиши ҳолати бўйича тушунтириш бериш сўралган.

“Биз учун инсон қадри ва унинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги олий қадрият ҳисобланади”, — дейилади “Адолат” СДП фракцияси баёнотида. Фракция аъзолари мазкур масала юзасидан масъул идоралардан асослантирилган ва очиқ тушунтириш беришни талаб қилмоқда.

ЎзА