Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шахсга йўналтирилган таълимни юксалтириш йўлида
14:45 / 2022-09-06

Бугунги тараққиётни илм-маърифат ва таълимнинг ривожисиз тасаввур этиб бўлмайди. Дунёнинг илғор давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланиши ҳам бежиз эмас. Негаки, мамлакатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритган ютуқлари билан чамбарчас боғлиқ.

Ўзбекистонда мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб, айниқса, сўнгги олти йилда Ҳаракатлар стратегияси ва унинг мантиқий давоми ҳисобланмиш Тараққиёт стратегияси доирасида инсон капиталини юксалтириш, жумладан, таълим ва илм-фанни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун шароитлар яратиш ва саломатлигини мустаҳкамлаш, маданий ва маърифий онгини юксалтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди..

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида юксак марраларга эришиш учун 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида 5 та асосий вазифани белгилаб берди. Биринчи галдаги вазифа сифатида таълимда амалга ошириладиган ислоҳотларни изчил давом эттириш, “...замонавий кўникмаларни эгаллаган, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, креатив фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган, дунёқараши кенг шахс бўлиб етишишини” таъминлаш эканлигига алоҳида урғу берилди.

Маълумки, соғлом, билимли, маданиятли ёшлар мамлакат тараққиёти ва келажагини белгилаб берувчи ҳамда жамиятда ижобий ўзгаришларни амалга оширишда ҳаракатлантирувчи кучдир. Ўз навбатида ўсиб келаётган авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол шахс этиб тарбиялаш эса таълим соҳасида олиб борилаётган бугунги ислоҳотларнинг натижасига боғлиқ. Ўзбекистоннинг бу борадаги позициясини эса давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари ифодалайди: “Ҳаммамизга аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу — илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”.

Таълим соҳасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида 2026 йилга қадар Тараққиёт стратегияси доирасида мактабгача таълимда қамров даражасини ҳозирги 67 фоиздан 80 фоизга етказиш, 7 мингдан зиёд янги нодавлат МТТларни ташкил этиш, халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрнини яратиш, малакали ўқитувчиларнинг ойлик маошларини босқичма-босқич 1 000 АҚШ доллари эквивалентига етказиш, олий таълимда қамров даражасини 50 фоизга, нодавлат ОТМлар сонини камида 50 тага етказиш, иқтисодиётга инновацияларни кенг жорий қилиш, саноат корхоналари ва илм-фан муассасаларининг интеграция алоқаларини ривожлантириш кун тартибга қўйилди.

Дарҳақиқат, ХХI аср глобаллашув ва чегараларнинг барҳам топиш даври, ахборот-коммуникация технологиялари ва интернет асри, жаҳон майдонида ва дунё бозорида тобора кучайиб бораётган рақобат асрига айланиб бораётган бир даврда интеллектуал салоҳиятли ёшларни тарбиялаш нақадар долзарб эканлигини исботлашга ҳожат йўқ, албатта. Чунки, бундай шароитда инсон капиталига йўналтирилаётган инвестиция ва қўйилмаларнинг ўсишини, ҳозирги замонда демократик тараққиёт, модернизация ва янгиланиш борасида белгиланган мақсадларга эришишда энг муҳим қадрият ва ҳал қилувчи куч бўлган билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш вазифасини доимо ўзининг асосий устувор йўналишлари қаторига қўядиган давлатгина ўзини намоён эта олиши мумкин.

Таълим соҳасидаги туб ислоҳотлар пировардида Бухоро муҳандислик-технология институтида илмий-тадқиқот фаолиятини кучайтириш масаласига катта эьтибор қаратилмоқда. Илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланиш учун институтда барча имкониятлар яратилиб, хорижий грантлар ҳисобидан сўнгги русумдаги лаборатория жиҳозлари келтириб ўрнатилди. Айниқса, охирги уч йилда институтда 4 та ихтисосликлар бўйича очилган илмий кенгашлар бунга яққол мисол бўла олади. Илмий кенгашларнинг очилиши хотин-қизларга, институт тадқиқотчиларига оиласидан узоқлашмасдан илмий ишини тайёрлаб ҳимоя қилиш имконини берди. Бу имкониятлар ўз самарасини берди, хусусан

2019 йилда илмий салоҳият 36 фоиз, 2020 йилда 41 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсатгич 46 фоизга етказилди. Биргина ўтган йили “Тикувчилик саноатида инновацион технологиялар” кафедрасида 2 та фан доктори (DSc) ва 6 та фалсафа доктори (PhD), “Ижтимоий фанлар” кафедрасида 4 нафар докторлик (PhD) диссертациялари муваффақиятли ҳимоя қилинди. Таянч докторантлар илмий-тадқиқот ишларига оид экспериментал тадқиқотларни институтдаги мавжуд лабораториялар ва илмий марказларда олиб бориш имконига эга бўлди. 2021 йилнинг ўзидаёқ институт Республика олий таълим муассасалари орасидаги рейтингда 58 ўриндан 21 ўринга кўтарилди. Бунинг ҳаммаси, шубҳасиз, жамоамиз, олий даргоҳимиз раҳбариятининг институт илмий салоҳиятини ва рейтингини кўтаришга қаратилган саъй- ҳаракатлари натижасидир.

Институтнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялар ва ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) билан таъминлаш, халқаро таълим стандартларига асосланган ўқув-услубий материаллар ва ўқув дастурлари, етакчи педагогик технологияларни ўқув жараёнига кенг жорий қилиш орқали ўқув сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилда 54 та дарслик, 126 та ўқув-услубий қўлланма 168 та монография чоп этилди.

Бундан ташқари, институт раҳбарияти томонидан хорижий ривожланган олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ишларини ривожлантириш, талабалар алмашинуви, малакавий амалиётларни ўташи, профессор-ўқитувчилар малака оширишлари ва илмий стажировкаларини ташкил этишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Қўшма таълим дастури бўйича Италия, Малайзия, Туркия, Латвия каби давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик шартномалари тузилган ва ҳозирги пайтда уларнинг ўқув дастурлари борасида ишлар олиб борилиши, чет эл малакали мутахассисларининг талабаларимиз учун ўқув машғулотларини, педагоглар учун эса маҳорат дарсларини ўтиши жаҳон андазаларига мос келадиган юқори малакали кадрларни тайёрлашга имкон яратмоқда.

Бугунги кунда институтда таълим бериш фаолияти янада такомиллаштирилиб, халқимизнинг асрлар давомида шаклланган илм сари интилиш фазилати яна бир бор намоён бўлмоқда. Ёшларимиз соғлом ҳамда гўзал турмуш кечириш, эгаллаган касби бўйича доимий иш ўрнига эга бўлиш, масъулиятни ўз зиммасига олиш, инсоний қадр-қимматини камситишга йўл қўймаслик, қисқача айтганда, комилликка эришиш учун ҳаракат қиляпти ва бу жараёнда таълим олишни энг асосий шарт сифатида кўрмоқда.

Талабаларнинг мустақил билим олиши учун имкониятни кенгайтириш, ижодий тафаккурини ривожлантириш, замонавий муаммоларни кўриш ва ҳал қилиш, малакасини такомиллаштириш бўйича амалий ишларни илмий изланиш билан уйғун олиб бориш талаб этилади. Таълим тизимидаги ислоҳотларнинг жойларга етиб бориши, кадрларнинг бугунги кун талабларини тўлиқ англаб етиши ва уларга жавоб беришига эришишда ҳам институт жамоасидан катта меҳнат талаб этилади.

 

Нусратилла Баракаев,

Бухоро муҳандислик-технология институти ректори.

ЎзА