Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шахсга доир маълумотлар тарқалгани учун жавобгарлик борми? (+видео)
19:15 / 2026-02-05

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда озиқ-овқат хавфсизлиги, жисмоний тарбия ва спорт, Ўзбекистонда исломий банк фаолияти, экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақомига оид қонунлар маъқулланди.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан эса  ҳукумат аъзолигига тақдим этилган шахслар ва ҳоким лавозимига номзодлар энди ўз фаолият дастурлари билан бир қаторда коррупциянинг олдини олиш бўйича шахсий режаларини ҳам тақдим этиши шарт этиб белгиланаётгани қайд этилди.  

“Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.  

Боиси, шахсга доир маълумотларнинг тарқалиши билан боғлиқ ҳолат кўпчиликда хавотир уйғотгани сир эмас.  

Сенатор Ҳусан Эрматов Ички ишлар вазирлиги вакилига мурожаат қилиб, шахсга доир маълумотларни сақловчининг ваколатлари, масъулияти қандайлигини сўради.  

Бу саволга ИИВ Миграция ва персоналлаштириш департаменти бошлиғи Улуғбек Тошхўжаев жавоб берар экан, персоналлаштириш маркази айни пайтда ички ишлар органлари тизимига ўтказилганини таъкидлади. Бу шахсга доир маълумотларни сақлаш ва ҳимоя қилиш бўйича ваколатли орган ҳисобланади. Қонунчиликда шахсга доир маълумотлар билан боғлиқ ҳолатлар юз берганда чора кўриш тизими мавжуд. Қолаверса, ҳар бир шахсда ўзи билан боғлиқ маълумотлар бўйича масъулият борлиги, офертага рухсат бериш ҳар кимнинг ўзига боғлиқлигини айтиб ўтди.  

Айни пайтда молиявий йўналишда янги тизим жорий этилиши ёки муайян компанияларга маълумот олиш ваколати бериладиган бўлса, бу борадаги назорат тизими қайтадан кўриб чиқилади.  

Қонунда финтех, электрон тижорат ва рақамли иқтисодиёт ривожини жадаллаштириш, фрилансерлар учун қонуний ва шаффоф тўлов механизмларини яратиш, чет эллик туристлар учун контактсиз тўлов имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.  

Сенат қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов қонун халқаро тўлов тизимларининг Ўзбекистон бозорига кириши муайян даражада чекланиб қолаётгани билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга қаратилганини таъкидлади.  

Қонунда фақат айрим турдаги шахсга доир маълумотлар (яъни, биометрик, генетик ҳамда телекоммуникация хизматлари билан боғлиқ маълумотлар) Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шартлиги белгиланмоқда.  

Бошқа маълумотларни чет элга узатиш ва сақлаш учун аниқ хавфсизлик талаблари жорий этилиб, Вазирлар Маҳкамасига шахсга доир маълумотлар хавфсизлиги таъминланган давлатлар рўйхатини тасдиқлаш ваколати берилмоқда.

Қонун электрон тижоратни ривожлантириш йўналишида ҳуқуқий ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига халқаро Интернет платформаларидан фойдаланишда янада қулай шароитларни яратишга хизмат қилади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/cOH17g2epMM" title="Shaxsga doir ma’lumotlar tarqalgani uchun javobgarlik bormi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Норгул Абдураимова, 

Дониёр Ёқубов (видео), 

Анвархўжа Аҳмедов (монтаж), ЎзА